08:48 / 16.08.2017
10781

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси қайта ташкил этилди 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 августда “Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилган.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси фаоллар кенгашининг Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасини Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сифатида қайта ташкил қилиш ҳақидаги қарори маъқулланди. 

Қуйидагилар Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

халқимизнинг эстетик талаб ва эҳтиёжларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда, замонавий руҳдаги бадиий юксак асарлар яратиш, катта мусиқий асарлар, жумладан, опера, симфония, концерт ва оратория каби мумтоз жанрлар ривожига алоҳида эътибор қаратиш; 

ёш композиторлар, бастакорлар ва мусиқашунослар, барча ижрочиларнинг ижод билан самарали шуғулланишлари учун имконият ва шароитларни кенгайтириш; 

мамлакатимизнинг маданий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мусиқа санъати соҳасида ижод қилаётган барча ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш; 

миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, мусиқий таълим-тарбия соҳасини такомиллаштириш, мумтоз ва замонавий мусиқа санъатини тарғиб қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш; 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ижодий ҳамкорликни кучайтириш, турли ижодий танловлар ўтказиш, бастакорлар ижодини рағбатлантиришга қаратилган концертлар, фестиваллар, ижодий кечалар ва бошқа маданий-маърифий, оммавий тадбирларни ташкил этиш; 

халқаро маданий ва мусиқий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, ёш композитор, бастакор ва мусиқашуносларни замон талаблари даражасида тайёрлаш, чет давлатлардаги таниқли композиторлар ва мусиқашунослар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш; 

Ўзбекистон давлат консерваториясида соҳа вакиллари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш; 

Низом талаблари асосида Уюшма аъзолари сафини ёш истеъдодли композитор ва бастакорлар, мусиқашунослар билан тўлдириб бориш. 

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ; Қорақалпоғистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқулланди. 

Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимларининг фаолияти билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни молиялаштириш манбаи этиб Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланди. 

Бу борада Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Фондга ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланиши назарда тутилади. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Уюшма ҳудудий бўлимларининг аниқ манзиллар бўйича жойлаштирилишини таъминлайди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Уюшма аъзоси бўлган фаол композитор ва бастакорлар, мусиқашуносларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўради. 

“Асакабанк” акциядорлик тижорат банкининг Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Дўстлар клуби”га раҳбарлик қилиш юзасидан билдирган ташаббуси маъқулланди. “Асакабанк” акциядорлик тижорат банкининг Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Яҳё Ғуломов кўчаси, 69-уйда жойлашган Уюшма биносини таъмирлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа атоқли намояндаларининг электрон архивини ва махсус фонотека, овоз ёзиш студияси ҳамда “Мусиқа ижодкорлари” музейини ташкил этишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиш ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватланди.

Уюшма тавсияси билан унинг фаол аъзоларини хориж давлатларига малака ва тажриба алмашиш учун Фонд ҳисобидан хизмат сафарларига юбориш тизими йўлга қўйилади. 

Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юкланди. 

Top