Ҳашаматли Mercedes-Maybach 6 Cabriolet намойиш қилинди
Германиянинг Mercedes компанияси тепа қисми очилувчи Mercedes-Maybach 6 концептини тақдим этди. Янги автомобиль Пеббл-Бич (АҚШ)да нафислик танлови доирасида намойиш қилинди. Таъкидлаш жоизки, 2016 йилда бу ерда Mercedes-Maybach 6 купеси тақдим этилган эди. "Автоновости дня" нашри шу мавзуга тўхталди.
Янги автомобилнинг узунлиги - 5,7 метр, эни эса 2 метрдан ошади. Тепа қисми тахланувчи кабриолет бундай салмоқли ўлчамларга қарамай, атиги икки ўринлидир. Агар концепт-кар серияли ишлаб чиқаришга берилса, немис кабриолети бозорда Британиянинг Rolls-Royce Wraith автомобили билан рақобатлашади.
Автомобиль ўз дизайни билан ўтган асрнинг 40-50-йилларидаги классик моделларни ёдга солган бўлса, унинг ички қисми сўнгги технологияларга мувофиқ равишда ишланган. Кабриолетнинг ичида муқобил жиҳозлар ўрнига сенсор экранлар ўрнатилган бўлиб, автомобиль тизимлари айнан шулар орқали бошқарилади.