Ўзбекистон | 16:30 / 23.08.2017
37444
4 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазири: Ўқитувчи мажбурий меҳнатга қарши нега ўзи курашмайди?

Фото: Халқаро пресс-клуб

23 август куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган навбатдаги сессияда Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти иштирок этиб, ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб берди. Хусусан, унда ўқитувчиларнинг турли ўз мажбуриятларига кирмайдиган ишларга жалб қилиниши масаласи ҳам кўтарилди. 

“Сўнгги вақтларда, аниқроғи 2-3 ойда ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилиши билан боғлиқ турли хабарлар пайдо бўлмоқда. Фарғона вилоятидаги туман халқ таълими мудираси ёки Самарқанд вилоятида ўқитувчиларнинг ўз хоҳишлари билан шундай ишларга чиқиш истакларини ташкиллаштириш каби гап-сўзлар фойдаланувчилар томонидан истеҳзо билан қабул қилинди. KUN.UZ интернет нашрига берган интервьюнгизда эса, ўқитувчи, кимдир унга у-бу ишни қил деса, ишни ташлаб кетвермаслиги керак, деган маънода муносабат билдирилган. Лекин бизнинг наздимизда, ўқитувчини кимдир ҳимоя қилиши керак. Улар ўз ишини йўқотмаслиги, ўша ҳудудда қувилган кишига ўхшаб қолмаслиги учун кимлардир уларни қўллаб-қувватлаши керак. Аммо, афсуски, Халқ таълими вазири бу жараёнларга ўз муносабатини билдирмади. Умуман, келгусида вазирлик шу каби ҳолатларга ўз муносабатини билдириши мумкинми?”, - деган саволни ўртага ташлади журналистлардан бири.

Бу саволга жавоб берган Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ўқитувчилар мактабларни ободонлаштириш ишларида қатнашишлари кераклиги, аммо қонунда белгиланмаган тарзда ишга мажбурланса, ўз ҳуқуқлари поймол қилинса, ўзлари ҳам курашишлари кераклигини айтди. 

“Умуман, бу, яъни ўқитувчиларнинг ўз вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этилиши масаласига ҳамма ерда муносабат билдирилаётгани учун, шу каби ҳолатлар борлигидан далолат беради ва худди шундай ҳолат бор экан, деган фикрга олиб келади. 

Ўқитувчи ўзининг таълим жараёнидан ташқари таълим муассасасининг жамоат ишларида, ободонлаштириш ишларида қатнашиши шарт. Аммо, вазирлик ўқитувчиларнинг бундан бошқа мажбурий ишларга жалб қилиниши юзасидан қандай муносабат билдириши мумкин? Албатта, салбий муносабат билдиради.
Бундан ташқари, вазирлик ўқитувчилар шундай ишларга жалб қилинсин, деб меъёрий ҳужжатларида белгилаб ҳам бермаган. Вазирлик, ўқитувчиларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади. 

Аммо, жамоатчилик, ўқитувчининг ўзи, мактаб раҳбарияти, тумандаги фаоллар-чи? Улар (мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган) ўқитувчини ҳимоя қилишмайдими? Ёки у ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилмайдими?, деган масала турибди. Вазирликдан бориб, ўша ўқитувчи ҳуқуқи бузилаётганидан хабар топиш (имконсиз), биласизми вазирликда 50 киши ишлайди. Бизнинг тизимда 400 мингдан ортиқ ўқитувчи фаолият юритади. Унинг ҳуқуқи бузилаётганини биринчи навбатда ўзи билади-ку. Нима учун ўқитувчи ўз ҳуқуқи бузилишига ўзи йўл қўйиб беради. Нима учун ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилмайди?, деган саволниям қўйишимиз керак. 

Биз, вазирлик сифатида, умуман халқ таълими тизими раҳбарияти бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар доим курашади”, -деди Халқ таълими вазири.

Мавзуга оид