Жамият | 14:33 / 29.08.2017
12277
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг гиёҳвандликка қарши сиёсати натижалари маълум қилинди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Бош Ассамблеянинг 71-сессияси якунлари бўйича БМТнинг олти расмий тилида Ўзбекистоннинг гиёҳвандликка қарши сиёсатининг асосий йўналишлари ва унинг асосида 2016 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Ҳужжатга мувофиқ, ўтган йили республикада 2016-2020 йилларда гиёҳванд моддаларни суистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган антинаркотик стратегияга бўйича гиёҳванд моддаларга талаб ва таклифни қисқартириш борасида қатор ишлар амалга оширилган. 

2016 йилда Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш йўлида қабул қилинган ташкилий-амалий ва тезкор-профилактик чоралар натижасида 6646 жиноий ҳолат аниқланган. 3 тонна ва 542,4 килограмм гиёҳванд модда, шунингдек 19 277 та психотроп таблетка ноқонуний айланишдан олинган. 

Ўтган йили Ўзбекистон Республикасида мамлакат ҳудудида наркотик моддаларни ноқонуний айлантириш билан боғлиқ жиноятларни амалга оширган 110 нафар хорижий давлат фуқароси қўлга олинди. 

Ўзбекистонга қўшни давлатлардан кириб келувчи гиёҳванд моддалар каналлари ва гиёҳванд ўсимликларнинг ноқонуний етиштирилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадларида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кенг кўламли «Қора лолақизғалдоқ-2016» операциясини ўтказилди. Ўтказилган операциялар натижасида гиёҳванд моддалар олинувчи ўсимликларни етиштириш бўйича 1070 ноқонуний ҳолат аниқланган. 4900 квадрат метрга экилган гиёҳванд ўсимликлар йўқ қилинди. 

Мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистонда янги психоактив моддалар (ЯПМ)нинг ноқонуний айланишига доир 43 ҳолат аниқланган, 579,1 грамм турли ЯПМ ва бошқа синтетик наркотиклар олиб қўйилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг наркологик хизмати маълумотларига кўра, сўнгги 10 йилда мамлакатда наркологик ҳолатнинг асосий кўрсаткичлари бўйича ривожланишнинг ижобий динамикаси кузатилмоқда. 

Мавзуга оид