Спорт | 11:40 / 01.09.2017
7125
2 дақиқада ўқилади

Фото: Льоренте Лондон клубида

«Тоттенҳэм» расмий сайтида Фернандо Льоренте «Суонси Сити»дан трансфер қилингани ҳақида хабар берилди. Трансфер қиймати 15 миллион фунтни ташкил қилган.

Испаниялик футболчи «шпорлар» билан 2019 йилгача шартнома тузган. «Тоттенҳэм» ушбу футболчини «Челси»дан илиб кетди.

Ўтган мавсумда Льоренте АПЛда 33 учрашув ўтказган, 15 гол урган ва бир голга узатма берган. 32 ёшли бу футболчи «Суонси»да 2016 йилдан буён ўйнаб келаётганди, бунгача у «Атлетико», «Ювентус» ва «Севилья» клублари шарафини ҳимоя қилган.

Унга аввалига Лондоннинг бошқа бир клуби «Челси» қизиқиш билдирганди. 30 август куни «Челси» уни 15 миллион фунтга сотиб олиши кутилганди. Аммо шу куни футболчи учун рақобатга «Тоттенҳэм» қўшилди ва якунда бу рақобатда ютиб чиқди.

Қайд этиш керакки, ёзги трансферлар мавсумида «Челси» бир неча марта муваффақиятсизликка учради. Аввалига «Эвертон»дан Ромелу Лукакуни сотиб олиш режалаштирилганди. Футболчи эса «МЮ»ни танлади ва унинг ўрнига «Реал»дан Алваро Мората харид қилинди. Кейин «Арсенал»дан Алекс Окслейд-Чемберленни сотиб олишга ҳаракат қилинди, аммо уни «Ливерпуль» илиб кетди. «Эвертон»нинг яна бир футболчиси Росс Баркли эса охирги дақиқаларда фикрини ўзгартириб, Лондон жамоасида тиббий кўрикдан ўтишни истамади ва ортига қайтиб кетди.

Мавзуга оид