Спорт | 18:04 / 05.09.2017
10072
2 дақиқада ўқилади

«Челси»нинг ёзги трансферлардаги муваффақиятсизлиги тарихи ҳақида янги маълумотлар

«Эвертон» ярим ҳимоячиси Росс Барклининг «Челси»га трансфери барбод бўлгани сабаблари ошкор қилинди.

31 август куни, трансфер даричасининг сўнгги кунида Баркли Лондонда тиббий кўрикдан ўтган, лекин энг сўнгги паллада фикрини ўзгартириб, ортга қайтиб кетганди. 

The Times нашрининг хабарига қараганда, «Челси» раҳбарлари бош мураббий Антонио Контени трансфер бўйича музокаралардан четлатишган. Баркли эса, ўзининг клубдаги ўрни борасида бош мураббий билан гаплашишни истаган. Клуб Контега Баркли билан гаплашишни тақиқлаб қўйганди. Натижада, талаби қондирилмагач, Баркли «Челси»га ўтишдан бош тортган. 

Антонио Контенинг музокараларга қўйилмаслиги сабаби ҳам жуда қизиқ. Италиялик мураббийнинг аралашуви оқибатида Алекс Окслейд-Чемберленнинг трансфери амалга ошмай қолгани маълум бўлмоқда. 

Август ойи охирларида Алекс 35 миллион фунт эвазига «Челси»га ўтаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейин эса, англиялик футболчи «Ливерпуль»ни танлади. Унинг фикрини ўзгартиришида Конте билан суҳбат сабаб бўлган. Мураббий унга Виктор Мозес билан биргаликда ўнг қанотда вингбек позициясида ўйнашини айтади. Окслейд-Чемберлейн эса, кўпроқ ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ўйнашни маъқул кўраётган эди.

Мавзуга оид