19:10 / 06.09.2017
13822

Жозе Моуриньо: Ғалаба бўлмаса, чиройли ўйин - қуруқ гап (Катта интервью)

Фото: Манчестер Юнайтед матбуот хизмати

«Манчестер Юнайтед» устози Жозе Моуриньо терма жамоалар мусобақалари туфайли берилган танаффусдан унумли фойдаланмоқда. У футбол ўйнаяпти, дам оляпти, жамоасининг навбатдаги ўйини ҳақида режа тузяпти, шу билан бирган The Times нашри журналисти Оливер Кейга интервью берди. Эътиборингизга ушбу материал таржимасини ҳавола қиламиз.

Жозе Моуриньо четдан қараганда жуда хотиржам, худдики у ва унинг атрофини қиролларга хос нимадир чулғаб олгандек. «Манчестер Юнайтед» Премьер Лигада пешқадамлик қилмоқда ва кўринишидан, ростан ҳам Жозенинг қироллигида ҳаммаси жуда сокин.

«Ҳаддан ташқари хотиржамлик» – дейди Жозе иблисона табассум билан.

Ва қўшимча қилади:

«Бу менга ёқмайди. Менга денгизнинг мавжланиши кўпроқ ёқади»

Бироз ўтиб, енгил тин олиб яна жумлани қайтаради. Урғу бермоқчи бўлади.

«Ўзимга ўзим босим қилишни яхши кўраман. Масалан, қанийди соатни олиб, вақтни бироз олдинга сура олсам. Мана ҳозир соат миллари 2.30ни кўрсатяпти, агар мен қаергадир соат 3.00да боришим керак бўлса, ўзимга 2.50да боришим кераклигини айтаман. Ишда ҳам шунақаман. Инсон ўзида озгина босим ҳис қилса – бу яхши. Мен сокин денгизни ёқтирмайман. Мана ҳозир, кўпчиликнинг жамоам ҳақидаги илиқ фикрларидан қониқмаяпман. Мақтовларга ҳали жуда эрта. Бундай ҳолат мен учун ноқулай. Тескарисини маъқул кўраман. Биз босимни ҳис қилишимиз керак. Вақтни қувиб ўтишга ҳаракат қилишимиз керак».

Ҳа, Моуриньонинг бутун фаолияти вақт билан пойгага ўхшайди. Футболда «узоқ муддатли фалсафий йўналишлар», «беш йиллик муддатлар» ҳақидаги фикрлар ҳукм сураётган бир пайтда Жозе Моуриньо бутун туриши билан футболнинг 90 дақиқадан иборатлигини исботловчи санамга ўхшайди. Ҳар бир ўйин – бир ғишт деб тасаввур қилсак, мана шу ғиштлар ёрдамида мавсум иморати қурилади. Ҳар бир мавсум – бу бир пойга, ким кўпроқ соврин ютса, ғолиб ўша. Ҳаммаси оддий.   

Моуриньо ҳақида сўз борганда, унинг бир ерда узоқ вақт қолмаслиги ҳақида фикрлар кўп янграйди. У «Порту»да, «Челси»да, «Интер»да, «Реал»да, яна «Челси»да, ана энди «Манчестер Юнайтед»да – ғалаба қозонади ва кетади. Айниқса, «Челси»да бу яққол намоён бўлди, ёзда шарафларга буркалган, мамлакат чемпиони бўлган «Челси»да кузга келиб бўрон бошланди. Жанжалли воқеалар остида Лондонни тарк этган мутахассис Манчестерда узоқ вақт қолишни, Фергюсоннинг вориси бўлишни орзулаётганини айтганида, кўпчилик истеҳзо билан кулиб қўя қолишди.

«Агар мен бирор совринни ютиб, кейин жамоани тарк этишимни айтишса, бунга эътироз қила олмайман, чунки, фаолиятимнинг маълум палласида шундай бўлган ҳам» – дейди Жозе.

«Мен «Порту» ва «Интер» билан Чемпионлар Лигасини ютгач, у ерни тарк этдим. «Реал»дан кетаётганимда ҳам, клуб менинг қолишимни хоҳлаётганди. Мени фақат «Челси»да истеъфога чиқаришган, у ҳам бўлса, чемпионлик мавсумидан кейин. Аммо бирор ерни у ерда ғалаба қозонганим учун тарк этади, дейишса, қўшила олмайман. Шунчаки, мен бир ерда узоқ қола олмайман, қисқа вақтда натижага эриша олишим эса, менинг ютуғим. Мен жамоани муваффақиятларга тайёрлайман. Мен ўзимдан кейин ишлайдиган мураббийга ҳам кучли, шаклланган жамоа қолдиришни истайман. Агар сен бирор ерни тарк этганингдан кейин ҳам, ўша клуб кучли бўлиб қолса ва ҳатто сенинг даврингдан ҳам яхшироқ ўйнай бошласа – бу ютуқ. Бу қисқа муддатли эмас, узоқ муддатли лойиҳа бўлади. Мен шундай мураббийман, аслида».

Сиз кетганингиздан кейинги тўрт йилда уч марта Чемпионлар Лигасини ютишнинг уддасидан чиққан «Реал» ҳақида гапиряпсизми?

«Ҳа, бу ҳам бир мисол. Агар кимдир 10-15 ёки 20 йил ишлаб, жамоани муваффақиятсизлик гирдобида ташлаб кетса, ана ўшалар ҳақида қисқа муддатли мураббий дейиш мумкин. Сен бир клубда 20 йил туришинг мумкин, лекин кетганингдан кейин жамоа пастга шўнғишга маҳкум бўлса...»

Қизиқ. У йилдан-йилга жамоаси пасайиб бораётган Арсен Венгерни назарда тутяптими? Ёки ажойиб 26 йилдан кейин омадсизликлар гирдобида қолган «МЮ»нинг собиқ бош мураббийи Алекс Фергюсон ҳақидами? Фергюсон ҳақида эмасдир, ахир Моуриньо Манчестерда йўлиққан муаммолар асосан Фергюсон давридан кейинги қарорлар билан боғлиқ эмас кўпроқ.  

Моуриньонинг «Манчестер Юнайтед»даги илк мавсуми у қадар ёрқин кечмади. Улар Лига Кубоги ва Европа лигасини ютишди, аммо лигада атиги олтинчи ўринни олишди, 38 ўйинда атиги 54 гол урилди. Янги мавсум анчагина ишончлироқ ва кучлироқ бошланди – уч ўйинда уч ғалаба, ўн гол урилган ва бирорта ҳам ўтказиб юборилмаган. Неманья Матич жамоага мувозанат олиб келди, шу билан бирга Погбанинг «очилиши»га имкон берди. Ромелу Лукаку келиши ҳамоно ўз ишини бажаришни бошлади. Бошқа футболчилар ҳам мураббийнинг қатъий талабларига мос равишда тўп сурмоқдалар. Аллақачон Моуриньонинг клуб билан янги, узоқроқ муддатга шартнома тузиши ҳақида гаплар кўпая бошлади.

«Мен бу ҳақида ўйлаб кўрмадим» – дейди у.

«Мен бор кучим билан ишлашим учун янги шартномага муҳтож эмасман. Мен шартнома муддати якунига етаётганда янги музокараларни бошлашнинг ёмон томонларини кўрмаяпман. Ана ўшанда мен ҳам, клуб ҳам музокараларда анча эркинроқ бўламиз.

«Илгари мен доим турли жойларда ишлашни истардим. 2004 йилда «Челси»га келганимда, у ерда яна 20 йил қолишим ҳақида, умуман ўйлаб ҳам кўрмаганман. Ҳеч қачон. Италияга ишлаётганимда ҳам калламнинг бир чеккасида Испанияга бориб ишлаш орзуси турарди. Агар ўшанда кимдир мендан Франция ёки Германияда ишлаш истагим бор ёки йўқлиги ҳақида сўраганда, албатта, бўлиши мумкин, деб жавоб берган бўлардим.

Аммо ҳозир фаолиятимда бошқа палла келди. Менга доим Италия ёки Испанияда ишлаш ёққан, аммо айни пайтда Англия – бутунлай бошқа нарса, мен бу ерда узоқ йиллар қолмоқчиман».

Мен ҳозир фаолиятимдаги энг қийин ва энг қизиқ лойиҳа устидаман. Айни паллада «Манчестер Юнайтед» – буюк клуб, биз уни, аввал Давид Мойес, кейин Луи ван Гаал, кейин мен, Алекс Фергюсондан кейинги янги даврга тайёрлаш билан шуғулланмоқдамиз. Чўққига қайтиш ҳар қандай клуб учун жуда қийин жараён, шу билан биргаликда, айни шу вазифа менга завқ бермоқда».

У «Манчестер Юнайтед»нинг трансфер бозоридаги ишларидан мамнун. Албатта, Гарет Бэйл ёки Иван Перишичдан бирини ўз таркибига қўшиб олиш ёмон бўлмасди, аммо Англиядаги бир қатор ҳамкасбларидан фарқли равишда, Моуриньо бугунги ҳолат билан ҳам мақтанса арзийди.

«Менимча, биз жуда ақлли трансфер сиёсати олиб бордик» – деди Моуриньо, - «Биз трансфер бозорини ўзгартириб юборадиган бирор воқеа содир бўлишини сезгандек эдик. Одатда, трансфер даричаси якунига етиб бораётганда, нархлар пасаяди. Аммо бу сафар, Неймарнинг трансферидан сўнг, ҳаммаси ўзгариб кетди – ёмон томонга ўзгарди. Ўйлайманки, Лукакунинг нархи 31 август ҳолатига 150 миллион бўларди. Матич 60, балки ҳатто 70 миллион бўларди. Неймар ҳаммасини ўзгартириб юборди. Агар ҳали ҳам Поль Погба дунёнинг энг қиммат ўйинчиси бўлиб турганида, Коутиньони 101 миллионга «Барселона»га сотишарди».

«Одамлар 200 миллионлик трансферларнинг гувоҳи бўлмоқдалар. Энди 20 миллион турган футболчилар 40 миллион, 40 миллионликлар 60 миллионга айландилар. Лукаку ва Матични эртароқ сотиб олмаганимизда, улар бизга 200 миллионга тушган бўларди. Бизнинг эртароқ ҳаракат қилганимиз молиявий томондан ҳам, мавсумга тайёргарлик нуқтаи назаридан ҳам фойдали бўлди. Мен мавсум бошланишидан анча илгарироқ, керакли футболчиларга эга бўлдим. Бу энг муҳими эмас, аммо ўзига яраша таъсири бор».

Ўтган мавсумда ҳам «Манчестер Юнайтед» мана шундай кучли бошлаганди. Кейинчалик, соврин учун имкониятлар ҳақида гапирилмай қўйилди. Лекин бу сафарги «МЮ» анча салобатли ва кучли кўринмоқда. Бу йилги жамоа Моуриньонинг ўзига хос жамоаларига кўпроқ ўхшаб бормоқда. Шунингдек, аввалги «Юнайтед»га ҳам ўхшаб бораётганини таъкидлаш ўринли. Бу жуда муҳим, зеро мухлислар жамоадан нафақат совринлар, балки ҳужумкор ва чиройли футбол кутадилар. Биламизки, Моуриньо кўпинча, айнан чиройли футболнинг кушандаси сифатида таърифланади.

Моуриньо Манчестерда натижадан ташқари, ўша анъаналарга содиқ қолиш ҳам кераклигини яхши билади. Европа Лигаси финалида «Аякс» устидан қозонилган ғалаба (2:0) дан кейин унга бу ҳақида эслатишган ҳам. Чунки ўша ўйинда «Манчестер Юнайтед» анча эҳтиёткор ва ҳимоявий ўйинни танлаганди. Моуриньо ўшанда «футболда гўзалликка ошуфта шоирлар жуда кўплигини, аммо шоирлар ҳеч нарсани ютмаслигини» айтганди.

Ўз анъаналари ва ҳужумкорлиги билан донг таратган «Манчестер Юнайтед»да наҳотки, мана шундай ўйинларга эътироз билдирилмаган?

«Мен учун ҳаммаси биргаликда бўлиши керак. Ҳам чиройли ўйнаб, ҳам ғалаба қозониш учун жамоа мукаммал бўлиши лозим. Аммо қачонки, сиз ҳали бу комилликдан узоқ экансиз, майдонга чиқиб, «менинг ўйин услубим чиройли» деб, аммо ютқазиб қўйишдан фойда йўқ. Ғалаба қозониш учун қатъият билан олдинга бориш, айни пайтда мавжуд бўлган қобилиятларнинг борини ишга сола олиш муҳимроқдир. Мен ҳам чиройли ўйнаб, ҳам ғалаба қозонадиган жамоа қуришга интилмайманми? Интиламан».

«Агар сиз бу йилги «Манчестер Юнайтед»нинг ўтган йилгиси билан солиштирсангиз, сифат борасида анча ўзгарганимизни, ўзимиз истаётган мукаммал ўйинга яқинлаша бошлаганимизни кўришингиз мумкин. Ўтган йили кўп ўйинларда бунинг уддасидан чиқа олмадик. Агар ўйинингиз чиқмаётган бўлса, албатта, ўз кучли томонларингизга урғу берган ҳолда ҳаракат қиласиз. Шу ўйл билан ғалаба қозониш мумкин.

«Ўша финалда «Аякс» бизнинг баъзи кучли томонларимизга эга эмас эди ва биз атайлаб ўша йўналишга урғу бердик. Бу прагматизм. Агар бир мураббий «биз ғалаба қозонамиз, ҳам чиройли ўйин кўрсатамиз» деса – окей, мен бундан фақат хурсанд бўламан. Атрофимизда бу гапни айтадиганлар кўп, лекин...  улар юта олмаяптилар. Бу ҳолатни эса, тушунмайман. Қуруқ гаплар».

Бу билан Пеп Гвардиола, Юрген Клопп ёки Почетиннога теккизяпсизми? Ўтган йили ҳамма уларнинг ажойиб ўйинлари учун мақтади, лекин улар мавсумни қуруқ қўл билан якунладилар...

«Мен холис ва самимий бўлиб айтай: Сўнгги 3 йилда 3 жамоа Англияда чемпион бўлди. Моуриньонинг «Челси»си, «Лестер» Клаудио Раньери билан ва Антонио Контенинг «Челси»си. Хўш, буларнинг қайси бири ҳужумкорроқ ўйин кўрсатганди? Қайси бирининг ўйин савияси юқорироқ эди? Албатта, менинг жамоамники. Аммо бу ҳақида ҳеч ким гапирмайди».

Бу сизга ёқмаяптими?

«Йўқ, бу ҳақида ўйламайман. Мен учун асосийси жамоамнинг мухлислари вафутболчиларимнинг қандай ўйлаши. Қолгани унчалик аҳамиятга эга эмас».

Ушбу мавсумда рақобат янада ошгандек. Чемпионлик учун жиддий кураш олиб бормоқчимисиз?

«Биз жуда яхши клублар билан рақобат олиб боришимизга тўғри келади. Аммо биз мақсадимизга етишга уринамиз. Мен уч трансфер даричасида клубни Англия футболининг чўққисига олиб чиқишимни ва Европада ҳам муваффақият қозонишга тайёр бўлишимизни айтгандим. Ҳали ҳам, учинчи трансфер даричасига муҳтож эканимизни айтишим мумкин. Аммо мен шунчаки кутиб ўтирмайман. Юқорида айтганимдек, вақтни олдинга суришга ҳаракат қиламан. Менга ов қилиш ёқади, кутиш эмас».

Top