18:10 / 25.09.2017
11726

Forbes'да Хитой миллиардерлари рўйхати етакчиси ўзгарди 

Фото: China Daily

Хитойнинг China Evergrande Group йирик кўчмас мулк девелопери раиси Сюй Цзяинь Осиёнинг энг бадавлат кишиси сифатида эътироф этилди. Forbes Real Time маълумотлари шундан далолат бермоқда. 

Forbes рейтингида миллиардер шиддат билан кўтарилди: у Хитойнинг бундан аввалги энг бадавлат кишилари рейтингида тўққизинчи ўринни эгаллаган эди, июль ойи охирида эса учинчи поғонага кўтарилди. Ўшанда Сюй Цзяинни Alibaba асосчиси Жек Ма ва Tencent телекоммуникацион компаниясининг асосчиси Ма Хуатен ортда қолдирган эди. 

Энди эса вазият ўзгарди - молиявий ҳолати 42,2 миллиард долларга ошган Сюй Цзяинь биринчи ўринга кўтарилди. Хуатен 39,1 миллиард долларга бойиб, рўйхатда иккинчи бўлди. Молиявий ҳолати 38,9 миллиард доллар бўлган Жек Ма эса учинчи ўринни эгаллади. Forbes'нинг глобал рейтингида  Evergrande 15-ўринда қайд этилган.

Цзяиннинг парвозига Evergrande акциялари нархининг кескин ошиши сабаб бўлди - 21 сентябрнинг ўзидаёқ улар 4,6 фоизга - 3,9 долларгача қимматлашди, умуман олганда эса, улар охирги йилда беш марта қимматлашди. 

Қимматбаҳо қоғозлар ҳисобот чоп этилгандан кейин қимматлашди. Компания маълумотларига кўра, унинг 2017 йил биринчи ярим йилликдаги даромади 115 фоизга, 28 миллиард долларгача ўсди, соф даромад эса - 832 фоизга. 30 июнь ҳолатига кўра, компания активида 547 амалга оширилган лойиҳа бўлган.

Цзяиннинг рейтингда юқорилаши айни дамда Хитой иқтисодиётидаги вазиятни акс эттиради - сўнгги бир неча йилда ХХР кўчмас мулк бумини бошдан кечирмоқда, мамлакат иқтисодиётининг 15 фоизини кўчмас мулк ташкил қилади. 2016 йилда Хитойда янги уйлар нархлари 12,4 фоизга ўсди, бу 2011 йилдан буён энг катта кўрсаткичдир.

Top