18:22 / 25.09.2017
15640

Ким ўзи бу Дзаппакоста?: «Челси»нинг бўлажак юлдузи ҳақида

Трансфер даричасининг сўнгги куни Давиде Дзаппакоста «Челси» билан тўрт йиллик шартнома имзолади. «Кўклар»нинг мухлислари дарҳол гуглга кириб, янги футболчи ҳақида маълумот излай бошлашди – ким ўзи бу Дзаппакоста? Аксарият мухлислар унчалик таниқли бўлмаган италияликнинг трансферидан хафа бўлишди, ахир худди шу позиция учун Алекс Окслейд-Чемберлейн асосий даъвогар бўлиб турган эди.

Дзаппакоста «Лестер»га қарши ўйиннинг 2-бўлимида дебют қилди ва ёмон таассурот қолдирмади. Орадан уч кун ўтиб, 12 сентябрь куни, «Қорабоғ»га қарши кечган Чемпионлар Лигаси ўйинида эса, илк голини нишонлаб ҳам улгурди. Лекин барибир, мана шундай ажойиб стартдан кейин ҳам, 25 ёшли қанот футболчиси кўпчилик учун сирлигича қолмоқда – ким ўзи бу Дзаппакоста?

Давиде 1992 йилнинг 11 июнида Италия марказидаги Соре шаҳарчасида таваллуд топди. Футболга бўлган меҳр унда ўз вақтида иқтидорли ҳужумчи бўлган, ҳозирда мураббийлик қилаётган отасидан ўтган. Қаҳрамонимиз 5 ёшиданоқ маҳаллий клубнинг болалар жамоасига қўшилди. Унинг биринчи устози Марио Борза бўлганди. 2008 йилда эса, у Исола Лирига ўтди, уни дарвозабон Палладинеллига алмаштиришганди.

Давиденинг ўсмирлик йиллари ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтди, ҳар бир мураббий уни алоҳида эътироф этар, унинг меҳнаткашлиги, ҳар бир йўналишда ўсишга эришаётгани таъкидланарди. Кейинги босқич кўп куттирмади, ёш футболчи ўша пайтда Сандро Гросси бошқараётган «Исола Лири»нинг асосий таркибига жалб этилди. Шундан сўнг, Давиденинг ўсиши тезлашади – С2 Серияда 14 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол урган футболчи «Аталанта» скаутларининг назарига тушади ва 2011 йилда у энди La Dea ихтиёрига ўтади. Тўғри, баргамоликлар ёш футболчи С Серияда ҳам маълум вақт тажриба тўплашини истадилар ва «Авеллино» клубига ижарага бердилар.   

«Авеллино» таркибидаги илк мавсумда Давиде 27 ўйинда майдонга тушган бўлса-да, у қадар ёрқин кечмади. Балки шунинг учунми, «Аталанта» футболчининг ярим трансфер ҳуқуқини «Авеллино»га сотишга рози бўлиб қўя қолди. «Челси»нинг бўлажак ўйинчиси учун иккинчи мавсум ҳам у қадар муваффақиятли кечмади, аммо айнан ўша 2012/13 мавсумида Давиде С Сериядаги илк голини урди, клуб эса, В Серияга йўлланмани қўлга киритди. 

Фото: Авелино

Янги мавсумга тайёргарлик олдидан бош мураббий Растелли жамоа схемасига ўзгартириш киритишга жазм қилди. 4-3-1-2 ўрнига 3-5-2 келди ва ўнг қанот литерали вазифаси Дзаппакостага юкланди. Айнан мана шу янги схема футболчининг бор салоҳияти очилишига катта туртки берди. 2013/14 йилги мавсум сорелик ҳимоячи учун катта аҳамият касб этди, мутахассислар унинг ўйинини мақтаб, мавсумнинг кашфиётларидан бири сифатида эътироф этишди. 

Б Серияда Давиде 32 ўйинда майдонга тушди, икки гол уриб, бир маротаба голли узатмани амалга оширди. У ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам улгуриб ҳаракат қила олар, бутун ўнг қанотни ўз назорати остида ушлаб турарди. Италияда ҳатто уни терма жамоанинг келажаги сифатида кўра бошладилар. Албатта, дарров «Ювентус», «Рома» ва «Милан» жамоаларидан қизиқишлар пайдо бўлганининг ҳайратланарли жойи қолмаганди. Лекин, жиддий таклиф ҳали бўлмаётганди.

Фото: Tuttosport

«Аталанта» футболчининг трансфер ҳуқуқини қайтадан сотиб олди ва Бергамода бир пайтлар катта умид боғланган футболчига яна бир бор имконият берилди. Шу тариқа, 2011 йилда «Аталанта»га келган Давиде орадан 3 йил ўтиб, барибир, бу жамоада дебют қилишнинг уддасидан чиқди. У А Сериядаги ўзининг илк ўйинини 2014 йилнинг 31 август куни «Верона»га қарши ўтказди, 2015 йилнинг январида эса, унинг яна бир орзуси амалга ошди – «Женоа» дарвозасига гол урди. Илк мавсумни Дзаппакоста 3 гол ва 1 ассист билан якунлади. 

Энг муҳими, Дзаппакоста Бергамода «ўзиники» бўла олдики, бу Италияда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Қанотлардан рейдлар, ўнг қанот ҳокимига айланиш, жуда ҳам хавфли тўп узатишлар ва шу билан бирга ҳимоядаги ишончли ҳаракатлар тиффозининг меҳрини қозониш учун етарли эди.

«Аталанта» бош директори Пьерпаоло Марино ҳам Давиденинг ўйинларига ишқибоз эканини айтиб чарчамасди:

«Дзаппакостанинг орқасида мен борман. Унга илк бор Бергамога келганидаёқ, эътибор қаратганман. Ўшанда у менга ёққанди. Давиде – жуда камтар йигит, менга кўпроқ Дзамброттани эслатади».

«Аталанта»даги ҳаёт жуда маромига тушиб олган бўлса-да, Давиде янги чақириқлар учун тайёр эди. Бруно Пересга ўринбосар қидираётган «Торино» эътиборини Дзаппакостага қаратди. 2015 йилнинг июлида Давиде Даниелле Базелли билан биргаликда «Торино»га кўчиб ўтди. Футболчилар учун 10 миллион евро тўлашди.

Фото: Football Italia

2015/16 мавсумда Бруно Переснинг сояси остида қолган Дзаппакоста кейинги йилдан катта қадамлар ташлай бошлади. Унинг Белоттига узатган ажойиб тўп узатмалари «Торино» ўйинининг муҳим қисми бўлиб қолди. У худди қўли билан ташлаб бераётгандек Андреанинг бошини тўпни «қўндириб қўяр», ҳужумчига гол уришдан бошқа вариант ҳам қолмасди. Шунингдек, қаҳрамонимиз Италия терма жамоасига ҳам чақирув олади ва 2016 йилнинг ноябрида Лихтенштейнга қарши илк ўйинини ўтказади.  

Юқори савиядаги мавсумдан сўнг, табиийки, Дзаппакоста янада юқорига кўтарилди. Фақат янги жамоа кўпчилик кутганидек, А Сериянинг грандлари эмас, Антонио Контенинг «Челси»си бўлди. Давидени узоқ вақтдан буён кузатиб юрган Контенинг ўзи ушбу трансферни лондонликлардан талаб қилди. «Челси» ўнг қанотини Дзаппакостага ишониш орқали Конте биринчи навбатда Мозесга ўринбосар топган, шунингдек, жамоанинг ҳимоявий ўйинини янада кучайтириб, услубда ранг-барангликларни яратиш учун катта шароит яратиб олганди. Мозесдан фарқли равишда, Дзаппакостадан керак бўлганда, тўрт ҳимоячи билан ўйинларда ҳам қанотда фойдаланиш мумкин бўларди.

Фото: BBC Sport

Албатта, инглиз мухлисларини тушуниш мумкин. Улар янам машҳурроқ, юлдузроқ футболчини кутган бўлишлари табиий. Аммо италиялик ҳимоячининг келажакда «Челси»нинг алмаштириб бўлмас аъзоси бўлиши учун ҳаммаси тайёрдек. Эсингизда бўлса, ўтган йили Маркос Алонсо ҳақида ҳам ҳеч ким билмас, кўпчилик учун тушунарсиз бўлган бу трансфер ҳам «Челси»нинг энг омадли қарорларидан бири бўлиб чиққанди. Айнан «Челси» ва унинг мураббийи Давидега ниҳоят ҳақиқий юлдуз футболчи бўлишида трамплин вазифани ўташи мумкин. Ана ўшанда, ниҳоят, Скуадра Адзура ўнг қанотига Дзамбротта давридан бери илк бор, малакали, савияли ва юлдуз футболчига эга бўлади, ўз навбатида «Челси» мухлисларининг август охирларидаги энг машҳур саволлари ҳам унутилади -  «Ким ўзи бу Дзаппакоста?». 

 

Sports.ru материали асосида

Top