13:54 / 26.09.2017
10515

Ошкор бўлган қинғирлик

Орзимурод Нуриддинов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2006 йилдан буён “Умидобод” хусусий корхонасида раҳбар бўлиб ишларди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномасини олиб, 2011 йил 1 январдан 2016 йил майгача бўлган вақтда “ими-жими”да фаолият юритган О.Нуриддинов қинғир фаолияти вақти келиб ошкор бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Шунинг учун у қолипли нон маҳсулоти ишлаб чиқариб, сотиш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимлигининг вилоят аҳолисини нон маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси, “Когондонмаҳсулотлари”, “Қорақўлдонмаҳсулотлари” ва “Бухородонмаҳсулотлари” акционерлик жамиятларидан имтиёзли нархларда берилган 1 млн. 545 минг килограмм унни пул ўтказиш йўли билан сотиб олади. Шундан 1 млрд. 672 млн. 935 минг сўмлик ишлаб чиқарилган ун маҳсулотини чакана савдо йўли билан пуллайди. Банкка эса маҳсулотларни сотишдан тушган 959 млн. 123 минг сўм пулни топшириб, “Туя кўрдингми? Йўқ!” қабилида тураверади. 713 млн. 818 минг сўм миқдордаги нақд пулни назорат-касса машинасидан ўтказиб ҳам ўтирмайди. Бу билан у товарлар савдоси ва хизмат кўрсатиш қоидаларини қўпол равишда бузади.

Шахсий манфаати йўлида қонунга чап бермоқчи бўлган қонунбузар суд олдида жавоб берди. О.Нуриддинов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 189-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди. Унга ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланди.

Top