21:00 / 09.10.2017
36053

Хитойдаги шиша кўприк дарз кетдими ёки...?

Хитой ижтимоий тармоқларида Тайханьшань тоғи бўйлаб ўтган шиша кўприк видеоси тарқалди. Унда эркак ҳаракатланаётган шиша кўприк кутилмаганда дарз кета бошлайди. У қўлида байроқ билан ўтганига қараганда, бу - сайёҳлар гуруҳини бошқариб келаётган гид. Mashable мазкур видео билан бўлишди.

Кўприк 1180 метр баландликда жойлашган. Эркак дарҳол тиз чўкиб, эмаклашга ҳаракат қилди, бироқ шиша дарз кетишда давом этди. 

Weibo ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари кўприк бўйлаб бошқа бир кишининг хотиржам ўтаётганига эътибор қаратишди. Шу боис улар бу дарз кетиш эмас, шунчаки махсус эффектлар эканини тахмин қилишди. Баъзилар бундай эффектлар кимлардадир юрак хуружини келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлашди. 

Фото: EAST TAIHANG DISTRICT/WECHAT

Видео тарқалиб, ижтимоий тармоқлардаги танқидий фикрлардан кейин Шарқий Тайханьшань округи маъмурияти дарз кетувчи шиша - бу кўприкнинг бир неча жойида ўрнатилган махсус эффектли панель эканини маълум қилди. Панелга қадам босган одам шишанинг дарз кетаётган товушини эшитади ва унда ёриқлар пайдо бўла бошлайди. Ҳукумат округи хабарида видеодаги гид шундай бўлишини билгани қайд этилган.

Маъмурият вакилларининг маълум қилишича, улар одамларнинг қўрқиб кетганидан афсусдалар, бироқ панелларни ўзгартириш режада йўқ. Ҳукумат махсус эффектларни ўз кўзи билан кўриш учун одамларнинг ўзи қизиқиб, бу ерга келишига умид қилмоқда. 

Фото: EAST TAIHANG DISTRICT/WECHAT

Таъкидлаш жоизки, 2015 йилда кўприкдаги шиша ҳақиқатда дарз кета бошлаган, шундан сўнг уни таъмирловга ёпишга тўғри келган.

Top