Жамият | 11:19 / 14.10.2017
26295
2 дақиқада ўқилади

Британиялик тутган балиқ уни реанимацияга жўнатди

Фото: BEN BIRCHALL

Британиялик балиқчи тутган балиғи унинг оғзига сакраб киргандан кейин шифохонанинг жонлаштириш бўлимига тушди. Бу ҳақда ВВС хабар бермоқда

28 ёшли британиялик тутган балиғини нишонламоқчи бўлиб, 14 см лик денгиз тили балиғидан бўса олган. Шу он балиқ унинг қўлидан чиқиб кетиб, оғзига сакраб кириб кетган.

Балиқ британияликнинг ҳалқумига тиқилиб, у нафас ололмай қолган. Омадсиз балиқчининг ҳаттоки бир зумга юраги уришдан тўхтаб қолган. Воқеа эса Британиянинг Борнмут шаҳри яқинидаги Боскомб курорт шаҳарчаси пирсида юз берган. Ёрдамга етиб келган тиббий ходим балиқни қисқич ёрдамида чиқариб олган.

"Биз балиқни беморнинг оғзидан иложи борича тезроқ чиқариб олишимиз керак эди, йўқса у шифохонагача тирик етиб бормасди. Менда буни тўғри бажаришга ягона имконият борлигини билардим. Агар мен қўлимдан қисқични чиқариб юборганимда ёки балиқ чиқиб кетиб, ундан бир бўлак узилиб кетганда, биз нафас олиш йўлларини очиш учун ҳеч нарса қила олмасдик", деб айтди тиббий ходим Мэтт Харрисон.

Унинг айтишича, балиқнинг тишлари ва ойқулоқлари балиқчининг томоғида тиқилиб қолган, бироқ охир натижада балиқни ташқарига чиқариб олишга муваффақ бўлинган. Харрисоннинг айтишича, бу унинг амалиётидаги энг ноодатий ҳодиса бўлди.

Тез ёрдам келишигача маҳаллий денгиз клуби аъзолари жабрланувчига сунъий нафас бериб туришган.

"У балиқни ўпганда, балиқ унинг оғзига кириб кетган. Бизда биринчи тутилган балиқни ўпиш одати бор", деб айтмоқда клуб вакили. 

Тез ёрдам ходимлари балиқчининг юраги уришини 3 дақиқа ичида тиклашга муваффақ бўлишган.

Мавзуга оид