16:15 / 18.10.2017
18332

ЕЧЛ оқшомининг энг асосий ҳодисалари

«Трибуна» Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 3 тур доирасида сешанба куни бўлиб ўтган баҳсларга назар ташлайди.

Шаҳарда «қизиллар»
Е гуруҳи
«Спартак» – «Севилья» 5:1

Голлар: 1:0 – 18 Промес, 1:1 – 30 Кьер, 2:1 – 58 Мельгарехо, 3:1 – 67 Глушаков, 4:1 – 74 

Е гуруҳидаги учрашувлар голларга бой бўлди. Кутилмаганда «Спартак» Москвада «Севилья» дарвозасига 5 гол йўллади. Руслар бу ғалабадан кейин турнир жадвалида иккинчи ўринга кўтарилди. Жамоа аввалги икки турда ҳам ютқазмаган, «Ливерпуль» ва «Марибор»дан биттадан очко олинганди.


«Марибор» – «Ливерпуль» – 0:7
Голлар: Роберту Фирмину, 4, 54. Коутинью, 13. Салоҳ, 19, 39. Окслэйд-Чемберлен, 86. Александер-Арнолд, 90.

Гуруҳнинг иккинчи учрашувида рекорд қайд этилди. Аламзада «Ливерпуль» Словенияда маҳаллий «Марибор» жамоасини аяб ўтирмади - 7:0.

Юрген Клопп ҳимояга ётиб оладиган кичик жамоаларнинг қават-қават мудофаа чизиғини ёриб ўтиш бўйича дарс ўтди. Рецепт осон - илк дақиқаларданоқ рақибнинг кўзини очирмасдан ҳужум қилиш ва бўлим ўрталаригача уларни кучсизлантириш. Юрген Клоп бу режа қандай ишлашини билади. Илк дақиқаларданоқ прессинг қилган «Ливерпуль» 19-дақиқага келиб 3та гол уриб улгурганди.

«Ливерпуль» бу натижа орқали ЕЧЛнинг сафар учрашувларида кўп гол уриш бўйича рекордни такрорлади. Уй учрашувларида энг кўп гол уриш бўйича рекорд ҳам мерсисайдликларга тегишли, 2007 йили «Ливерпуль» «Бешиктош» дарвозасига жавобсиз 8та гол йўллаганди.

Кейинги тур
1 ноябрь

«Ливерпуль» - «Марибор»
«Севилья» - «Спартак»

«Космик» «Манчестер Сити»


F гуруҳи
«Манчестер Сити» – «Наполи» – 2:1

Голлар: Стерлинг, 9. Габриэл Жезус, 13 – Диавара, 73, (пенальти).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Мертенс (Н), 38 (дарвозабон)

«Сити» «Наполи»га қарши ўйинда 13-дақиқага келиб, 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Аммо бу «Наполи» кучсиз жамоа дегани эмас. «Бу мен мураббийлик фаолиятим давомида учратган энг кучли жамоалардан бири. Балки энг кучлисидир», – дея рақиб ўйинини баҳолади ўйиндан кейин Хосеп Гвардиола. 

«Сити»ни олқишлаш учун сабаблар етарлича:

• Раҳим Стерлинг мавсумдаги барча уй учрашувларида (5) гол урмоқда. У фантастик юриш намойиш этмоқда: бу унинг 11 учрашувдаги 8-голи бўлди. У ўтган мавсум бўйи (47 ўйин) фақат 10та гол урганди.

• Кевин де Брюйне қаторасига 4 ўйинда гол иштирокчиси бўлмоқда (2 гол, 3 ассистентлик).

• Габриэл Жезус мавсумдаги 21 голда қатнашди. Шундан 15та голни ўзи урган. Ҳақиқий монстр.

• «Ман Сити» – қаторасига 10-ғалабага эришди.

«Наполи» Италия А Сериясида 8 турдан кейин 100 фоизлик натижа кўрсатган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. Бу жамоа «Манчестер Сити» қаршисида ожиз қолди. Ўйин давомида «Наполи» икки марта пенальти тепди, биринчисини Эдерсон қайтарди. Эътиборли жиҳати ЕЧЛда «Сити» дарвозасига томон белгиланган охирги 6 пенальтининг барчаси қайтарилганди. (Шу вақтгача Жо Ҳарт 3 марта сэйв қилган, яна икки марта Вилли Кабальеро. Бу жамоа дарвозаига пенальтидан Мертенсга қадар Лионель Месси, Раффаэл, Ибраҳимович, Неймар ва Фалькао каби футболчилар гол ура олишмаганди).

Иккинчи бўлимда неаполликлар яна пенальти ишлашди ва зарбани амалга ошириш сирли равишда 20 ёшли ярим ҳимоячи Амаду Диаварага ишониб топширилди. Бу футболчи фаолияти давомида 87 ўйин ўтказган ва ҳали бирон марта гол урмаганди.

«Шахтёр» - Плей-оффга яқин

«Фейеноорд» – «Шахтёр» – 1:2
Голлар: Бергхайс, 7 – Бернард, 24, 54)
Четлатиш: Ракицкий (Ш), 75.

«Шахтёр» Чемпионлар лигасида сирли тойчоққа айланди. Сентябрь ойида Паулу Фонсека жамоаси «Наполи»ни мағлуб этганди. Энди сафарда «Фейенорд» устидан ғалаба қилди. Жамоа плей-оффда қатнашиш учун яхши имконият ҳосил қилди.

Кейинги тур
1 ноябрь

«Наполи» – «»Манчестер Сити»
«Шахтёр» – «Фейеноорд».

«Монако» - аут

G гуруҳи
«Монако» - «Бешиктош» 1:2

Голлар: Фалькао, 30 - Женк Тосун, 34, 54.

«Ўлим гуруҳи»да кутилмаган етакчи. «Бешиктош» айни вақтда Туркия чемпионатида жуда ёмон ўйнамоқда, жамоа қатор муваффақиятсизликлардан кейин бешинчи ўринга тушиб кетган. Аммо Чемпионлар лигасида ҳозирча бу жамоага тенг рақиб топилмаяпти. Ҳатто ўтган мавсум ярим финалчиси «Монако» ҳам сафарда таслим этилди. Энди турклар гуруҳдан чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилишган.

Немисларда имконият бор

«РБ Лейпциг» – «Порту» – 3:2
Голлар: Орбан, 8. Форсберг, 37. Огюстен, 40 – Абубакар, 18. Маркано, 44.

«РБ Лейпциг» муҳим ғалабага эришди. «Буқалар» «аждаҳолар»ни мағлуб этиб, ўз аҳволини яхшилади - 2 ўрин.

Кейинги тур
1 ноябрь

«Порту» – «РБ Лейпциг»
«Бешиктош» – «Монако».

Криштиану - Кейн - 44:43 ва дуранг

H гуруҳи
«Реал» – «Тоттенҳэм» – 1:1

Голлар: Криштиану Роналду, 43, пенальти – Варан, 28, автогол.

«Реал» ва «Тоттенҳэм» учрашуви икки ҳужумчи - Криштиану Роналду ва Кейн дуэлига қиёсланди. Икки футболчи ҳам бу ўйингача қойилмақом кўрсаткич кўсатиб турганди – 2017 йилда урилган 43тадан гол (терма жамоалар сафида урилган голлар билан қўшиб ҳисоблаганди). Кейн бу баҳсда олдинга чиқиб олиши мумкин эди, аммо унинг ажойиб зарбаси йўл-йўлакай Варан орқали дарвозага кирди ва француз ҳимоячиси автогол муаллифига айланди.

Танаффус арафасида Криштиану пенальтидн гол уриб, Кейндан ўзиб кетди. Танаффусдан кейин Ллорис қаҳрамонлик кўрсатди, у Бенземанинг бир метрдан берган зарбасини бартараф этди. Ўйинда ҳисоб ўзгармади - 1:1 – «Тоттенҳэм» «Сантьяго Бернабеу»да мағлуб бўлмади.

Дортмундда муаммолар

АПОЭЛ – «Боруссия» Д – 1:1
Голлар: Поте, 62 – Папастатопулос, 67.

Кипрдаги ўйинда узоқ вақтгача гол урилмай турди. АПОЭЛ «Боруссия»нинг ҳужумларини хотиржамлик билан қайтарди, трибуналардаги мухлислар мезбонларга даҳшат солиб туришди.

Иккинчи бўлимда кутилмаганда АПОЭЛ ҳисобни очди. Аниқроғи «Боруссия» дарвозабони Брюки хатога йўл қўйди, у бир вазиятнинг ўзида икки марта тўпни рақибга топширди.

«Боруссия» тезда жавоб қайтарди – Папастатопулос ҳаммадан баланд сакради. Аммо дортмундликларга бошқа гол уриш насиб этмади ва жамоа муҳим очколарни бой берди. Кўп эҳтимолки бу жамоа Чемпионлар лигасининг бу мавсумида плей-оффда қатнашмайди.

Кейинги тур
1 ноябрь.

«Боруссия» Д – АПОЭЛ
«Тоттенҳэм» – «Реал».

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top