Жаҳон | 09:47 / 19.10.2017
16717
4 дақиқада ўқилади

Си Цзиньпин Хитой модели ҳақида бонг урмоқда

Фото: Reuters

Хитой давлатга дунёда марказий ўрин ваъда қилаётган янги даврга кирди. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпин чоршанба, 18 октябрь куни очилган Коммунистик партия қурултойида маълум қилди, деб хабар бермоқда Би-би-си’нинг Пекиндаги мухбирлари.

Нашр маълумотларига кўра, чет элликлар учун ёпиқ тарзда ўтказилаётган қурултой келгуси давр мобайнида мамлакатнинг ривожланиш йўлини ким белгилаб беришини аниқлайди. Кутилишича, сўнгги вақтларда ҳокимиятни ўз қўлида мустаҳкамлаган Си Цзиньпин партия етакчиси бўлиб қолади. Ҳар беш йилда ўтказилувчи қурултой келаси ҳафта сешанба куни якунланади. Унда икки мингдан зиёд делегатлар иштирок этмоқда. Тадбир кучайтирилган хавфсизлик чоралари билан ўтказилмоқда. Кутилишича, қурултой якунланганидан сўнг, Хитой асосий бошқарув органи – Хитой Коммунистик партияси МҚ Сиёсий бюроси доимий қўмитасининг янги аъзолари номи маълум бўлади.

Синьхуа ахборот агентлигига кўра, Си Цзиньпин маъруза билан чиқиш қилиб, хитойча хусусиятларига эга социализм янги даврга қадам қўйгани ҳамда модернизация қилинган социалистик давлатни барча томонлама қуришга «янгича услуб» бошлангани ҳақида маълум қилди.

«XIX қурултойидан бошлаб ва партиянинг кейинги қурултойи очилгунига қадар бўлган давр - муҳим тарихий ўтиш палласи бўлиб, унинг давомида биз ўрта фаровон жамиятни бутунлай қуришимиз керак – яъни ХКПнинг юз йиллик юбилейига мўлжалланган мақсадни амалга оширишимиз, ҳамда ХХР юз йиллигига бағишланган мақсадга етишиш учун «янгича услубни» бошлашимиз лозим, - модернизация қилинган социалистик давлатни ҳар томонлама қуриш», - дея таъкидлаб ўтди у.

Партия ва давлат етакчиси Си уч соатлик нутқида Хитойнинг сўнгги ютуқлари ҳақида тўхталиб, янги даврдаги Хитой социализми энди мамлакат жаҳондаги етакчи кучга айлангани ва инсоният тарихида муҳим ўрин тутишини англатиши ҳақида айтиб ўтди. 

Коммунистлар бошқаруви остидаги ўсишнинг Хитой модели ривожланмоқда ҳамда бошқа ривожланиб бораётган давлатларга «янги танлов» имконини беради, дея таъкидлаб ўтди Си. Ўз нутқида Си Хитойнинг ривожланиши янги даврга кирганини маълум қилди, ҳамда бу сўзлар бирикмасини 36 марта ишлатди.

«Биз учун дунёда марказий ўринни эгаллаш ва инсоният тарихига янада кўпроқ ҳисса қўшиш вақти келди», - дея қўшимча қилиб ўтди Хитой раҳбари.

Шунингдек, Си Цзиньпин ўз нутқида:

Мамлакатни фаровон ва экологик ҳамда иқтисодий ислоҳотлар орқали янада яхши қилиши керак бўлган икки поғонали «социалистик модернизация» режаси ҳақида гапирди. У 2050 йилга қадар мўлжалланган;

У Шинжон, Тибет ва Ҳонгконгдаги ҳаракатларга ишора қилиб, айирмачилик хавфи ҳақида огоҳлантирди ҳамда ҳукуматнинг Тайвань Хитой бир қисми экани ҳақидаги позициясини яна тасдиқлади;

Хитой «дунёнинг қолган қисми учун ўз эшикларини ёпмаслиги» ҳақида гапирди ва хорижий сармоядорлар учун тўсиқларни камайтиришга ваъда берди;

Шунингдек, у партия интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлар ҳақида эълон қилди, ҳамда бир миллиондан ортиқ амалдор жазоланган кенг кўламли коррупцияга қарши кампания мавзусини тилга олди.

Би-би-си маълумотларига кўра, Хитой раҳбарияти томонидан киритилган қаттиқ иқтисодиёт режими қурултой ўтган даврга нисбатан анча камтарроқ ўтказилишини англатади. Бу ҳафтада делегатлар жойлашган меҳмонхоналар безаклар, хоналардаги бепул мевалар ва қимматбаҳо таомлар учун харажатларни камайтиргани хабар қилинганди.

Мавзуга оид