Жамият | 14:00 / 20.10.2017
15630
2 дақиқада ўқилади

Нафси билан кураша олмади

Бухоро шаҳар Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими Давлат таълим стандартларига риоя этиш мониторингини методик таъминлаш кичик гуруҳи раҳбари Шамсия Низомова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нафси билан кураша олмади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Кабинетига бир танишининг тавсияси билан келган, ўзини Ҳалима Давлатова, деб таништирган қизни илиққина кутиб олди.

-  Хўш, хизмат, синглим.

-  Мен... ишга кирмоқчи эдим.

-  Қаерни тугатгансиз?

-  Физика-математикани.

-  Демак, маълумотингиз олий!

-  Ҳа.., университетда ўқиганман.

-  Бўпти. Мен суриштириб кўраман. Аммо, биласиз ишга кириш харажатсиз бўлмайди.

-  Биламан, - овози зўрға чиққан Ҳалима шу хонада ўтирган иккинчи аёл – Сафаргул Каримованинг имо-ишорасига ҳайрон бўлди. Аёл бармоқларини букиб, унинг учун кўрсатди. Ҳалима шошганидан кимга жавоб беришини билмай қолди.

-  300 АҚШ доллари кўп. Майли, яқинларимдан қарз олиб, 200 доллар топишим мумкин.

-  Ишга кирганингиздан кейин репетиторлик гуруҳи очиб оласиз. Ишлаб, кейин қолган юз долларни ҳам берасиз, - деди Шамсия қатъий қилиб.

Орадан кунлаб ўтди. Иш сўраган “мижоз”идан дарак йўқлиги ҳақида ўйлаб турганида, унинг ўзи қўнғироқ қилди.

-  Гулчеҳра деган яна бир танишимга иш керак эди.

-  Сиз аввал ўзингизнинг ишингизни битиринг. У ёғини кейин кўрамиз. Айтганча, сиз 3-ўрта умумтаълим мактаби директорига бориб учрашинг, ишингиз тайёр. Кейин бир келиб кетарсиз.

Ҳ.Давлатовадан 200 АҚШ долларини қўлига олиб, орзулар оғушига ўзини отган Шамсия Низомовани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари “чўчитиб” юборишди. Тамагирлик қилиб, ўз ваколатлари доирасига кирмайдиган ишни бажаришни ваъда қилган таълим тизими ходими Ш.Низомовага суд ҳукмига биноан тегишли жазо тайинланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид