Ўзбекистон | 09:42 / 23.10.2017
12547
3 дақиқада ўқилади

МАК самолётлар паркини Airbus A320 лайнерлари билан тўлдиради

Фото: Wikimedia/Aktug Ates

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси президенти иштирокидаги йиғилиш давомида  яқин ва ўрта муддатли истиқболда туризмни ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини тўлиқ амалга ошириш юзасидан белгилаб берилган вазифаларни бажаришда давом этмоқда, дея хабар беради МАК ахборот хизмати.

Ўтган ҳафтада иккита халқаро учрашув бўлиб ўтди, уларнинг асосий мақсади - компаниянинг ҳаво флотини ошириш ва парвозлар географиясини, шу жумладан, маҳаллий йўналишлар бўйича ривожлантириш эди.

Қайд этилишича, авиакомпания самолёт паркини лайнерларни лизингга олиш, харид қилиш ёки ижарага олиш йўли билан кенгайтириш ишларини жадал олиб бормоқда. Ушбу вазифани бажариш учун МАК мутахассислари ўнта йирик халқаро лизинг компаниясидан тижорат таклифларини сўрашди. Сўров мақсади: Airbus A320 тўртта классик модификациядаги самолёти ва Airbus A320 Neo’ни лизингга олиш. Бу тор фюзелажли йўловчи самолётлари версиясининг такомиллаштирилиши. Янгиланган ҳаво кемалари тенг сиғимга (ўртача 150-200 ўринга) эга бўлган ҳолда, анча тежамкор двигателлар ва фюзеляж конструкциясидаги замонавий ишланмалар туфайли ёнилғини сезиларли даражада иқтисод қилиш имконини беради.

Биринчи учрашув – лизинг масалалари бўйича – классик Airbus A321’ни таклиф этган компания билан бўлиб ўтди. Учрашув давомида техник жиҳатлар муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони лизинг компанияси вакилларини ўз талаблари билан таништирди ва тижорат таклифлари бўйича фикрларни билдирди. Миллий компания далиллари диққат билан тингланди, хорижий томон олинган техник масалаларни ишлаб чиқиш ва якуний тижорат таклифини тақдим этишига ишонтирди.

Яқин келажакда ҳаво кемаларини лизингга берувчи бошқа компаниялар билан ҳам музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Замонавий тежамкор аэробуслар 2018 йилда, музокаралар натижасида Ўзбекистон учун энг яхши шартларни таклиф қиладиганлардан сотиб олинади.

Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига парвозлар географиясини кенгайтириш ва хизмат кўрсатилувчи йўловчилар сонини кўпайтириш масалалари Boeing компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича маркетинг директори Исмоил Роббан билан учрашувда муҳокама қилинди.

Учрашув давомида авиаташувчининг кўп йиллик ҳамкори вакиллари Uzbekistan Airways йўналиш тармоғининг ривожланиши ва 2030 йилгача бўлган даврда қайси ҳаво кемалар парки талаб қилиниши юзасидан ўз қарашларини баён этишди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид