Иқтисодиёт | 18:59 / 23.10.2017
6075
3 дақиқада ўқилади

SoftBank келажак технологиясига 880 миллиард доллар сармоя киритади

Фото: Koki Nagahama/Getty Images

Молиявий конгломерат келажакнинг турли технологияларига 880 миллиард доллар сармоя киритиш режалари ҳақида маълум қилди. BI шу ҳақида хабар берди. Компаниянинг аллақачон 100 миллиард долларлик ҳажмга эга Vision Fund сармоя фонди бор. Унинг янги итерациялари ҳар 2-3 йилда ишга туширилади, дейилади компанияда. 

SoftBank - Nvidia, ARM, Improbable'га инвестициялар киритишда Vision Fund'дан фойдаланган. Фонд шунингдек  Uber'нинг 20 фоизини қўлга киритиши билан шартномани тугаллашга яқин турибди. Куни кеча SoftBank Group бош директори Масаеси Сон жорий фонд тугагандан кейин умумий ҳажми 880 миллиард долларлик яна уч Vision Fund 2, 3 ва 4 кетма-кет ташкил қилинишини маълум қилди. 

Соннинг айтишича, SoftBank камида 1000 техник компанияга сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бунда биринчи навбатда сунъий интеллект ва робот техникаси билан ишловчи компанияларга эътибор қаратилади. Масаеси Сон илгари "сингулярлик" концепциясига ишониши ҳақида айтганди. Унинг фикрича, 30 йилдан кейин шундай давр келади, бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ шуни инобатга олиб инвестицияларни амалга оширмоқда. 

"Мен сингулярлик даври келишига ишонаман, шу боис пул йиғиб, уни инвестициялашга шошилаяпман", - дейди у. Масаеси сунъий интеллект охир-оқибат одамлардан бир неча баробар ақлли машиналарга йўл очишига ишонади.

Соннинг сўзларига кўра, 880 миллиард доллар уларнинг 10 йиллик инвестициялари учун етарли. Япон конгломератининг тезлиги ва инвестициялар миқдорини инобатга олганда, 10 йил ҳатто бундай катта сумма учун ҳам катта муддатдек туюлади. 

Жорий йилда SoftBank'нинг йирик инвестициялари орасида  Brain Corp, Mailbox, Boston Dynamics, Improbable, Nvidia ва Slack қайд этилди. Шунингдек SoftBank Америка компаниясига энг йирик инвестиция ҳақида эълон қилди - у WeWork стартапига 4,4 миллиард доллар сарфлайди. Масаесининг ўзи яқинда вертикал фермаларда ўсимликлар етиштирувчи Plenty стартапига 200 миллион доллар сармоя киритганди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид