Ўзбекистон | 09:07 / 24.10.2017
7501
5 дақиқада ўқилади

Фанлар академияси академиклари танлов асосида саралаб олинади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари)ни танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби ҳақидаги Низом тасдиқланди.

Қайд этилишича, қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2016 йил 29 декабрдаги ПФ-4907-сон Фармонини ижро этиш, шунингдек, мамлакат илм-фани ривожини фаоллаштириш, халқаро даражадаги илмий натижаларга эришиш, фан ва технологияларнинг устувор йўналишлари бўйича етакчи илмий мактабларни қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларда ворисийликни таъминлаш, олимлар фаолиятини рағбатлантириш ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари институтини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари)ни танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби ҳақидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси икки ой муддатда зарур ташкилий ишларни ўтказади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари)ни танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби ҳақидаги Низом талабларига қатъий риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзодларнинг танлов асосида сараланиши ва тасдиқланишини амалга оширади.

Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзодларни танлов асосида саралашни ўтказиш муддатлари ва санаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиуми томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, лекин кўпи билан икки йилда бир маротаба белгиланади.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.

Низомга кўра, фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари) қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадилар.

Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га танлов ўтказиш учун ўринлар биринчи навбатда республика учун янги ва истиқболли, халқаро даражада тан олинган илмий мактаблари шакллантирилган илмий йўналишларга ажратилади.

Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га тегишли фан соҳалари илмий ихтисосликлари бўйича шакллантирилган квоталар миқдори Фанлар академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда 1 ноябргача белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзодларга қўйиладиган талаблар

Мазкур Низомнинг 11-бандига мувофиқ номзоди кўрсатилган, республиканинг илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларида илмий фаолият билан машғул олимлар Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзодлар ҳисобланадилар.

Бунда Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзодлар кўрсатиш жараёнида ва танловнинг барча босқичларида уларнинг сўнгги беш йил мобайнидаги илмий фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига алоҳида эътибор қаратилади.

Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзод қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши ва камида сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикасида доимий ишлаган бўлиши;

фан доктори илмий даражаси ва профессор илмий унвонига эга бўлиши;

илм-фаннинг муайян соҳасида илмий жамоатчилик томонидан тан олинган, фанни шахсан ўзи ёки илмий ва илмий-техник муаммолар бўйича жамоа бўлиб ишлашда фаол иштирок этиш асосида эришган шахсий ютуқлари ҳамда салмоқли илмий натижалари билан бойитган олим бўлиши;

ўз йўналишида янги илмий мактаб ташкилотчиси ва раҳбари ёки мавжуд илмий мактабнинг ривожида бевосита иштирок этган бўлиши ва бу унинг фан номзодлари ёки фалсафа докторлари ҳамда камида икки фан доктори (тиббиёт фанлари учун - камида уч фан доктори) тайёрлаши билан тасдиқланган бўлиши;

жорий этилган ишланмаларга эгалиги ёки у раҳбарлик қилаётган ходимлар жамоаси эришган фан ютуқлари ишлаб чиқаришга жорий этилишида ҳамда амалиётда фойдаланилишида бевосита иштирок этган бўлиши;

фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларнинг илмий раҳбари эканлиги ёки сўнгги йилларда шу йўналишдаги илмий лойиҳаларга раҳбарликни амалга оширган бўлиши;

халқаро илмий ҳамкорликдаги халқаро илмий лойиҳаларда илмий раҳбар бўлиши ёки уларнинг бажарилишида иштирок этиши.

Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзодларни дастлабки саралаш илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан тегишли илмий ёки илмий-техник кенгашлар йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилади.

Ваколатга эга кворум - тегишли кенгаш рўйхатга кирган аъзолари таркибининг мажлисда иштирок этаётган камида 75 фоизи мавжуд бўлганда овоз беришда иштирок этган илмий ёки илмий-техник кенгаш аъзолари камида учдан икки қисмининг овозини тўплаган талабгорлар Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзодлар ҳисобланадилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид