Жаҳон | 19:10 / 25.10.2017
16086
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон бош вазири Қирғизистон билан чегарадаги вазиятга изоҳ берди 

Фото: Tengrinews

Қозоғистон бош вазири Боқижон Сагинтаев Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида Қирғизистон-Қозоғистон ва Россия-Қозоғистон чегараларидаги вазиятга тўхталди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда чегарада амалга оширилаётган иш «атайин Қирғизистонга қарши қаратилмаган».

«Қозоғистоннинг солиқ таркибий қисмидаги йўқотишларни камайтириш ва контрабанда даражасини камайтиришдан бошқа мақсадлари йўқ. Бу иттифоқ бўйича бошқа дўстларимизга ҳам тегишли», - деди у.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон икки давлат ўртасидаги йўл харитаси устида ишламоқда. «43 та банд бўйича тўла тушунишга эгамиз. Келажакда хизматларимиз уларни амалга ошириш устида ишлайди», - деган Сагинтаев.

У Хитойдан ЕОИИ мамлакатларига товар етказиб беришга оид вазият ҳақида қисқача маълумот берди. Унга кўра, ЕОИИ давлатларининг 2016 йилда импорти 201 миллиард долларни ташкил этган. Шу билан бирга, энг катта улуш Хитойга тўғри келади - 22,7 фоиз. Жорий йилнинг 7 ойи давомида ҳам шундай ҳолат кузатилган.

«2014-2016 йиллар учун божхона божининг келиб тушиши динамиканинг таҳлили шуни кўрсатадки, у иттифоқнинг Қирғизистондан ташқари барча давлатларида камайган. Энг кўп йўқотиш Қозоғистонда - 18,9 фоиз», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Қозоғистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари олиб кирилаётган истеъмол товарлари (кийим ва поябзал) аҳоли жон бошига нисбатан номутаносиб эканини айтди. Мисол учун, Қирғизистонга кийим-кечак Қозоғистондан кўра кўпроқ олиб кирилади.

Унинг эслатишича, Қозоғистон 2016 йилда божхона маъмуриятчилигининг етарли даражада эмаслиги ҳақидаги масалани бир неча бор кўтарган.

«Қирғизистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси хизматлари ўртасида 2017 йил 5 июнь куни Хитойдан товарлар олиб кириш вақтида нотўғри декларациялашни олдини олиш мақсадида қўшма тадбирлар режаси имзоланди. Бироқ, Қирғизистон томонининг режалаштирилган чора-тадбирларни амалга оширмаганлиги туфайли у етарли даражада эффект бермади», - дейди Боқижон Сагинтаев

Қирғизистон бош вазири Сапар Исоқовнинг таъкидлашича, қирғиз томони алоҳида баёнот беради. «Бизнинг ҳам айтадиган гапимиз бор. Кўп километрлик навбатлар нафақат Қирғизистон, балки Қозоғистон ва учинчи давлатлар фуқароларининг ғазабини келтириб чиқармоқда», - деган у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид