Жамият | 12:05 / 26.10.2017
16633
3 дақиқада ўқилади

Лоқайдлик ва эътиборсизлик оқибати 

Рифат ўша куни Муборак тумани “Қарлиқ” қишлоғидаги бозорда айланиб юрганди. Нима бўлди-ю, бозор ёнида турган “Ваз-21011” автомашинаси ёнида уймалашиб қолди. Машина ойнасидан ичкарига кўз ташлаган Рифатнинг хаёлини унга ўрнатилган магнитофонни ўғирлади-қўйди. Бир зумда “Пионер” русумли магнитофон, машина эгасининг қўл телефони ва 2 миллион сўм пул “ғойиб бўлди”, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Аммо “ўғригина бола” узоққа бора олмади. Қилмиши учун суд олдида жавоб беришига тўғри келди. Жабрланувчи, Косон тумани Муғжагул қишлоғида яшовчи Элдор Улуғов ярашув тўғрисидаги аризасини тақдим этиб, Рифат қилмиши учун ундан кечирим сўрагани, етказилган моддий зарарни тўлиқ қопланганлиги сабабли улар ўзаро ярашиб кетишганлигини, Жиноят кодексининг тегишли моддаси асосида жиноят ишини ярашув асосида тугатишни сўради.

Судланувчи, энди ўн саккиз ёшни қаршилаган Рифат Холмуродов айбига иқрорлик ва пушаймонлик билдирди.

Муборак туман суди Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан ажрим қилди. Судланувчи Рифат Холмуродовнинг қилмишига оид жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг 4-қурултойида сўзлаган нутқида ёшлар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини ташвиш билан қайд этди.

Рифат ҳам ана шундай ёшлардан бири. Жиноят содир этган пайтида Касби туманидаги Майманоқ саноат касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётганди. “Таҳсил олаётганди” деган гап бу ерда бироз нисбийроқ қўлланилди. Чунки у ўша куни бозорда эмас, Майманоқдаги коллежда – дарсда бўлиши керак эди. Аммо на уйидагилари, на коллеждагилар унинг қаерда, нима қилиб юрганлиги билан қизиқишмаган.

Жиноят иши-ку, ҳаракатдан тугатилди, бироқ тарбия ишидаги ҳаракат бир зум ҳам тўхтамаслиги зарур.

Хулоса аниқ – тарбияда бир дақиқа бўлсин, лоқайдликка йўл қўйиб бўлмайди. Бу борада оилада, таълим муассасасида, маҳаллада ҳамкорлик асосида қатъий назорат йўлга қўйилиши шарт. Шундагина ёшларимиз жиноят кўчасига асло киришмайди.

Мавзуга оид