Спорт | 17:30 / 27.10.2017
21902
10 дақиқада ўқилади

Анонс. Англияда ҳафта ўйини, Вальверде собиқ жамоасига қарши ва бошқа ўйинлар

Бугун, 27 октябрь кунидан Европа чемпионатларида навбатдаги тур учрашувлари бошланади. Бу уикендда ҳам мухлисларни бир қатор муросасиз баҳслар кутиб турибди. «Трибуна» одатга кўра, ҳафта учрашувларини эслатиб ўтади.

«ПСЖ» – «НИЦЦА»

Ўйин жума оқшомида бўлиб ўтишини эътиборга олсак, эътиборни чалғитувчи бошқа ўйинлар кам, умуман Франция чемпионати доирасида қараганда, ёмон афиша эмас. Масалан меҳмонлар таркибида ҳам Уэсли Снайдер, Марио Балотелли каби ЧЛ ғолиблари тўп суради ёки яна жамоаларнинг ўтган йили чемпионлик учун курашганини айтиш мумкин. Ҳатто «Ницца» ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда ҳам Париж клубига мағлубиятга учрамаган. Ёки шунчаки, «ПСЖ» ўйинини томоша қилиш учун ҳам телевизорни ёқиш мумкин. Кўпчилик шундай қилмоқда.

Марселдаги ўйинда қизил карточка олган Неймар бу ўйинни ўтказиб юборади. Сўнгги ўйинларда фақат 10-15 дақиқа майдонга тушаётганидан норози бўлиб, жамоасини алмаштириш ҳақида ўйлаётган Анхель Ди Мария учун имкониятдир балки?

«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» – «ТОТТЕНҲЭМ»

Шубҳасиз, 10-турнинг энг марказий ўйини. «Манчестер Сити»ни таъқиб қилаётган икки рақиб 2-ўринга яхшироқ жойлашиб олиш учун куч синашади. «МЮ» мавсумни жуда кучли бошлаб, охирги ўйинларда бироз тормозланган ва беш очко йўқотган бўлса, «Тоттенҳэм» аксинча, илк турларда очколар йўқотиб, сўнгги турларда жуда кучли ўйин намойиш қилмоқда.

Шу ўринда, бу ўйинни нафақат жамоаларнинг, балки алоҳида шахсларнинг ҳам тўқнашуви деб айташ мумкин. Де Хеа ва Льорис. АПЛнинг сўнгги йиллардаги энг барқарор ва кучли дарвозабонлари. «Олтин қўлқоп» соврини учун кураш ҳам мунтазам равишда мана шу дарвозабонлар ўртасида кечмоқда.

Ва албатта, Почеттино ва Моуриньо. Ишлаш услуби ва ғоявий томондан бир-бирига мутлақо тескари бўлган мутахассисларнинг ўзаро дуэли ҳам қизиқ бўлса керак. «Юнайтед» 13 ойдан буён барча мусобақаларда «Олд Траффорд»да мағлубиятга учрамаяпти. Почеттинонинг эса, «Тоттенҳэм» билан бирга бу стадиондаги натижалари у қадар ҳавас қиларли эмас. Аргентиналик мураббий уч йилдан буён фақат мағлубиятга учраяпти ва бу ўйинларда «Тоттенҳэм» бирорта ҳам гол ура олмаган.

Яна бир жиҳат. Агар бошқа турнирларнинг эртанги ўйинга таъсири ҳақида сўз борса, «Тоттенҳэм» учун бироз ноқулай эканини таъкидлаш керак. Биринчидан, Лига кубоги ўйинида лондонликлар рақибидан бир кун кейин майдонга тушди. Бироз аралаш таркиб ўйнаган бўлса ҳам, бу фактор ҳам бироз таъсирга эга. Иккинчидан, келаси ҳафта бўладиган ЕЧЛ ўйинида «Тоттенҳэм»ни Мадриднинг «Реал» клуби кутиб турибди. «Юнайтед» эса, «Бенфика» ҳақида умуман ўйламаслик комфортига эга.

«АТЛЕТИКО» – «ВИЛЬЯРЕАЛ»

«Атлетико» ҳали ҳам Ла Лигада мағлубиятсиз бормоқда, аммо айтиш керакки, жамоа ўйини олдингидек ўта ишончли эмасдек кўринмоқда. Мадридликлар сўнгги беш ўйиннинг тўрттасини дуранг билан якунлашди. Рақиблар ичида фақат «Барселона» эмас, «Эльче», «Леганес» ва ҳатто Озарбойжоннинг «Қорабоғ» клуби ҳам борлигига нима дейсиз?

Диего Костанинг январгача майдонга тушмаса ҳам жамоа билан экани, Гризманнинг келажаги ҳақидаги мавҳумликлар балки «Атлетико»нинг олдингидек бир бутун бўла олмаётганига сабаб бўлаётгандир. Бусиз Симеоне жамоасини таниш қийин бўлади.

Аммо катта ўйинларда «Атлетико» барибир кучли, сўнгги уч турда  ғалаба қозониб, турнир жадвалида яқинлашиб олган «Вильяреал» рақиб бўлаётганини эътиборга олсак, ўйин жуда қизиқ бўлади. Зеро «Вильяреал» «Атлетико»га қарши кечган сўнгги 4 ўйинда мағлубиятга учрамаган, ҳатто ўтган йили улар Мадридда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб кетган эдилар.

«БАВАРИЯ» – «РБ ЛЕЙПЦИГ»

Чемпионлар Лигасининг икки иштирокчиси ўзаро тўқнаш келадиган бу ҳафтадаги икки ўйиндан бири. Табиийки, беихтиёр май ойидаги учрашув ёдга тушади. Ўшанда учрашув давомида 3:1 ва 4:2 ҳисобида олдинда борган «Лейпциг» ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда ўтказилган икки гол эвазига 4:5 ҳисобида мағлубиятга учраганди.

Қизиғи, бу жамоалар атиги икки кун олдин Германия кубогида тўқнашди. 54-дақиқадаёқ бир киши кам бўлиб қолган «Лейпциг» кучли рақибига қарши 120-дақиқагача туриб берди ва фақат пенальтилар сериясидагина мағлуб бўлди. Аммо бу ўйин энди Мюнхенда бўлишини ҳам унутмаслик лозим.

Ўз навбатида, «Бавария» таркибдаги муаммолар гирдобида қолди. Нойер, Рибери ва Хамесдан кейин, энди Томас Мюллер ҳам оғир жароҳат олди ва жамоага ёрдам бера олмайди. Бугунги зич тақвим пайтида етакчиларнинг жароҳат олиши Ҳайнкесга ортиқча муаммолар туғдириши тайин. Айниқса, «Бавария» одатдагидек пешқадам эмас, таъқибчи ролига тушиб қолган бугунги паллада.  

«АТЛЕТИК» – «БАРСЕЛОНА»

Бу қарама-қаршилик ҳақида сўз борганда, кўпчилик икки йил олдинги Испания суперкубоги ва «Атлетик»нинг 4:0 ҳисобидаги ғалабасини эсласа ҳам, аслида, бильбаоликлар Ла Лига ўйинларида «Барселона» учун у қадар ноқулай рақиб эмас. Айниқса сўнгги йилларда.

Жамоаларнинг Ла Лига доирасидаги сўнгги 8 ўйинида «Барселона» мунтазам равишда ғалаба қозониб келмоқда. Охирги марта 2013 йилда Бильбаодаги ўйинда 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этилганди.

Лекин барибир басклар ва каталонлар тўқнашуви ўйинга ўзига хос тус бериши шубҳасиз. Айниқса, рақиб жамоасини Бильбао учун бегона бўлмаган Эрнесто Вальверде бошлаб келса. «Атлетик» лигада мавсумни барқарор ўтказа олмаётган бўлса-да, ўз майдонида хавфли, жумладан, ўтган ўйинда бу стадионда «Севилья» мағлубиятга учратилганди. 

«МИЛАН» – «ЮВЕНТУС»

Роппа роса бир йил олдин, 22 октябрда бу жамоалар Миланда тўқнаш келишган ва ўшанда мезбонлар Лукателлининг голи эвазига устун келиб, «Ювентус»нинг мавсумдаги илк мағлубиятига сабаб бўлган эди.

Бу мавсумдаги «Милан» аввалги «Милан» эмаслигини, аниқроғи, анча аввалги «Милан» бўлмоқчи эканини трансфер бозорида исботлашга уринан бўлса-да, майдонда ҳозирча ҳаммаси яхши эмас. Аммо «Милан» номининг ўзи футболчиларга куч беришини ва шу ном турнир жадвалидан қатъи назар «Ювентус»га тенг назар билан қарашга ундашини ортиқча таъкидлаш шарт бўлмаса керак.

А Серияда қаторасига уч ўйинда мағлубиятга учрагач, ниҳоят йирик ҳисобда ғалаба қозониб, эски рельсга тушиб олишга муваффақ бўлган миланликлар учун бу ўйин айни муддао.

«Ювентус» айниқса, ҳужум чизиғида яхши ўйнаяпти, ўн турдан сўнг, гол уриш бўйича жамоа рекорди қайд этилди, аммо натижалар борасида жамоа илгаригидек даҳшатли кўринмаяпти. Энг оддий мисол, жамоа ҳозирда биринчи ўринда бормаяпти. Ёки «Лацио»нинг яқинда Туринда ғалаба қозонганини эслаш мумкин.

«ЛОКОМОТИВ» – «ЗЕНИТ»

Бу ўйинга алоҳида эътибор қаратаётганимизнинг сабаби фақат ҳамюртимиз Виталий Денисов эмас. «Локомотив» Россия Премьер Лигасида чемпионлик пойгасига қўшилди ва асосий рақиб «Зенит» «темирйўлчилар» меҳмони бўлмоқда. Ҳар икки жамоа ҳам 29тадан очко тўплаган ҳолда, турнир жадвалида пешқадамликни бўлишиб туришибди.

Жамоаларнинг сўнгги 16 ўзаро учрашувининг ярмида питерликларнинг қўли баланд келган. 

«ЛЕСТЕР» – «ЭВЕРТОН»

Европада бу даражадаги ўйинларни кўплаб топиш мумкин, аммо бу ўйиннинг ўзига хослиги шундаки, ҳар икки рақибни янги мураббий ўйинга бошлаб тушади.

«Саутҳэмптон»даги фаолияти орқали АПЛ мухлисларига таниш бўлган франциялик мураббий Клод Пюэл яқиндагина «Лестер» бош мураббийи этиб тайинланди. Қаторасига беш ўйинда ғалаба қозона олмаган «Эвертон» ҳам ўз навбатида Роналд Куманни истеъфога чиқарди ва энди унинг вазифасини вақтинчалик Давид Ансуорт бажарадиган бўлди. Англияда вақтинчалик постни эгаллаган ёрдамчиларнинг омадли старт оқибатида шартномага эга бўлган ҳолатларни кўп кузатганмиз, балки Ансуорт ҳам ҳаракат қилиб кўрар.

БОШҚАЛАР

Энди эътиборингизга, юртимизда ўз мухлисларига эга бўлган бошқа топ клубларнинг ушбу ҳафтадаги ўйинлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтамиз.

28 октябрь. «АРСЕНАЛ» – «Суонси» (19:00), «ЛИВЕРПУЛЬ» – «Ҳаддерсфилд» (19:00), «Вест Бромвич» – «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (19:00), «Борнмут» – «ЧЕЛСИ» (21:30),

29 октябрь. «Жирона» – «РЕАЛ» (20:15)

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид