Фан-техника | 20:54 / 30.10.2017
7015
3 дақиқада ўқилади

Норвегия бозорида электромобиллар улуши 32 фоизни ташкил қилмоқда

Фото: EAST NEWS

Норвегия аҳолиси бор-йўғи 5 млн кишини ташкил қилишига қарамай, у Хитой ва АҚШдан кейин дунёда гибрид машиналар ва электрокарлар энг кўп сотиладиган учинчи давлат ҳисобланади. Бу ҳақда Clean Technica хабар бермоқда.

EV Volumes’нинг охирги маълумотларига кўра, 2017 йил бошидан сентябрь ойи охиригача Норвегияда 43700 элетромобиль сотилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 29 фоизга кўпроқни ташкил қилган, ўтган йил шу даврда 33900 дона электромобиль сотилган. Сентябрь ойида эса энг кўп миқдорда – 6650 дона электрокар сотилган. Ҳаммаси бўлиб 3-чоракда электрокарлар савдоси 41 фоизга ошган.

Норвегияда электромобиллар ва гибридлар автомобиллар бозорининг 32 фоизини ташкил қилади, бу эса ушбу давлатни бу борада 1-ўринга олиб чиқади. Умуман олганда, бу борада 2-ўринни 8 фоизлик улуш билан Исландия, 3-ўринни Швеция (4 фоиз), 4-ўринни Украина (3 фоиз), 5-ўринни Бельгия (2 фоиз) эгалламоқда.  Хитой ва АҚШ мос равишда, 1,6 ва 1,1 фоизлик кўрсаткич билан бу борада Норвегиядан анча ортда қолмоқда. 

2016 йилда Mitsubishi Outlander PHEV электрокари энг кўп сотилган ва 2017 йилда вазият сезиларли ўзгармаган. 2019 йилда EV/PHEV (электрокар/гибрид) машиналар нисбати тахминан 30/70 ни ташкил қилади. Tesla Model 3 ҳам бозорда катта улушга эга бўлади, ваҳоланки у 2019 йилгача Европада ҳам пайдо бўлади.

Бироқ Норвегия 100 фоиз электр транспортга ўтиши-ўтмаслиги номаълум. Муаммолар баъзи фаолият турлари учун тегишли электрокарлар таклифи йўқлиги ва электрокарларга солинадиган солиқ сабабли юзага келиши мумкин.

Норвегиялик консерваторлар электрокар учун бир марталик солиқ тўланишини таклиф қилишмоқда, бу ҳолда Tesla Model X 12 минг долларга, Model S эса 5 минг долларга қимматлашиши мумкин. Бундай солиқлар эса харидорларнинг "тоза" автомобилларни сотиб олишдан обдон ўйлаб кўришларига олиб келиши мумкин ва шу сабабли 2025 йилгача тўлиқ электрокарларга ўтиш қийин бўлади.

Мавзуга оид