Жамият | 12:01 / 31.10.2017
13025
3 дақиқада ўқилади

Қуруқ ваъда тош босмайди

Ҳар қандай фаолиятда ошкоралик ва шаффофлик демократия тамойилларига сўзсиз амал қилинишининг бир кўриниши аслида. “Ҳаракатлар стратегияси”да белгилаб берилган вазифалар халқ таълими тизимини фаолиятини, керак бўлса, структурасини тубдан ўзгартишни тақозо этмоқда.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Бухоро вилоят прокуратураси томонидан 2017-2018 ўқув йилида ўқувчиларнинг таълим-тарбия олишида қулай ва замонавий шарт-шароитларга эга бўлган мактаб бинолари қурилишига оид ишлар, янги ўқув йилига тайёргарлик аҳволи тегишли соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда ўрганилди. Вилоятдаги мавжуд 966 та умумтаълим мактабларининг 696 таси замонавий, 270 таси эса мослаштирилган биноларга жойлаштирилган. Ушбу биноларнинг 45 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари, хусусан 32 тасида қайта қуриш, 13 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилиб, давлат томонидан 49,6 млрд. сўм маблағ ажратилган. Мақсад ҳар бир бола тенгқурлари қатори шинам, кенг ва ёруғ хоналарда таҳсил олиб, билимини оширсин. Келажакда юрт корига камарбаста бўлишни, ватанни севишни, мустақиллик берган имкониятларни қадрлашни мактаб партасидаёқ ўргансин.

Айни йўналишда мамлакат ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлашни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бироқ қонун ва қарорлар моҳиятини чуқур англаб етмаган, ҳали ҳам “мудраб ётган” мутасаддилар учраб турибди. Масалан, Бухоро шаҳридаги, Когон, Жондор, Пешкў, Шофиркон, Вобкент туманларидаги айрим мактабларда буюртмачи ва пудрат ташкилотлари ўртасида шартномалар тузилишига қарамасдан, жорий йилнинг 1 август ҳолатида 5 млрд. 725 млн. сўмлик, яъни 50 фоиз қурилиш-монтаж ишлари бажарилган, холос.

Бухоро шаҳридаги 40-ўрта умумтаълим мактабида 270 ўринли янги ўқув биноси қурилиши шартномага асосан жорий йил 1 августда топширилиши керак эди. Афсуски, шартнома шартларини унутган, давр талабини англамаган “Монтаж” хусусий корхонаси объектга бор-йўғи 36 нафар ишчи-ходимни жалб этиб, ишда сусткашликка йўл қўйган. Вилоят прокуратураси томонидан ушбу қурилиш объектига қўшимча 200 нафар ишчи жалб этилиб, янги ўқув биноси белгиланган вақтда фойдаланишга топширилиши қатъий назоратга олинди.

Шунингдек, “Нурли истиқбол йўли”, “Ғиждувон Говшун Қурилиш”, “Дилшод қурилиш транс”, “Олмос Тўра” МЧЖлар каби бир қатор пудратчи ташкилотлар фаолияти, белгиланган объектларда олиб борилаётган ишларни тезлаштириш устидан прокурор назорати кучайтирилди.

Соҳада ишларни жадаллаштириш, тегишли соҳа мутахассисларига аниқ вазифалар юклаш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ҳокимига ахборотнома киритилган.

Бундан ташқари, вилоят прокуратураси томонидан юқорида қайд қилинган таълим муассасаларида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган ташкилот раҳбарларига шартномада кўрсатилган мажбуриятлар моҳияти тушунтирилган. Бинобарин, ўз вақтида бажарилмаган ҳар қандай иш ортида бошқа бир муаммо пайдо бўлмайди, деб ким кафолат бера олади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид