Иқтисодиёт | 22:15 / 31.10.2017
12637
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Doing Business рейтингида юқорилади

Фото: Thinktanks.by

Doing Business-2018 рейтингида Ўзбекистон 74-ўринни эгаллади. Бу ҳақида ташкилотнинг 31 октябрь куни чоп этилган ҳисоботида маълум қилинди.

"Doing Business-2018: ишчи ўринларни яратиш йўлидаги ислоҳотлар" рейтинги Жаҳон банкининг 15-йиллик ҳисоботи ҳисобланади. Рейтинг 190 мамлакатдаги барча бизнес-қоидалар ва мулк ҳуқуқлари ҳимоясига доир кўрсаткичлардан келиб чиқиб тузилади.

Doing Business бизнес ҳаётидаги 11 соҳани қамраб олади. Бу соҳалардан 10 таси бизнес юритишдаги енгилликларга кўра қайд этилган: бизнесни бошлаш, қурилишга рухсат олиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит олиш, солиқларни тўлаш, чегаралар орқали савдо қилиш, шартномалар тузиш ва ҳ.к.

2018 йилги рейтингнинг илк уч ўрнини Янги Зеландия, Сингапур ва Дания эгаллаган. Корея Республикаси, Ҳонгконг ва АҚШ 4-,5- ва 6-ўринларда қайд этилган. Кучли ўнликка, шунингдек, Буюк Британия, Норвегия, Грузия ва Швеция киритилган.

Ҳисоботга кўра, 119 мамлакат ишбилармонлари ўзларининг норматив доираларини яхшилашга муваффақ бўлишган.

2016-2017 йилда кўплаб мамлакатларда бизнес юритишни енгиллаштиришга доир қатор ишлар амалга оширилган. Бу рўйхатда 34 мамлакат номи қайд этилган: Ўзбекистон, Ангола, Озарбойжон, Бенин, Бутан, Бруней, Кабо-Верде, Жибути, Сальвадор, Грузия, Ҳиндистон, Индонезия, Ямайка, Қозоғистон, Кения, Косово, Литва, Малави, Малайзия, Мавритания, Маврикий, Нигер, Нигерия, Покистон, Россия Федерацияси, Руанда, Саудия Арабистони, Сенегал, Сербия, Таиланд, Украина, БАА, Вьетнам, Замбия.

Ўзбекистон, Бруней, Таиланд, Малави, Косово, Ҳиндистон, Замбия, Нигерия, Жибути ва Сальвадор 2016-2017 йилларда энг яхшиланган иқтисодиёт кўрсаткичларига эга мамлакатлар сифатида қайд этилди. Бу мамлакатларда бизнесни енгиллаштиришга доир жами 53 ислоҳот ўтказилган.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид