15:40 / 03.11.2017
14864

Анонс. Манчестер жамоалари Лондонда меҳмон

Бугун Европада чемпионатларнинг навбатдаги турларига старт берилади. Англияда бир турда бирданига иккита катта учрашув бор. «Трибуна» уикенднинг ўтказиб юбормаслик тавсия этиладиган учрашувларини кўриб чиқади.

ВЕСТ ҲЭМ – ЛИВЕРПУЛЬ (4 ноябрь, 22:30)

Ёзда энг кўп трансфер амалга оширган «Вест Ҳэм» ҳалигача кутилган ўйинни намойиш эта олганича йўқ. Шу пайтгача уч марта истеъфо остонасига келган Славен Биличнинг бугунги ҳолати ҳам яхши эмас. Одатда, мана шундай паллаларда «Вест Ҳэм» бирор катта ғалаба эришган ва яна Биличга ишонишда давом этаверишган. Лига кубогида «Тоттенҳэм»га қарши ажойиб ғалаба етарли эмаслиги аниқ, энди АПЛда ҳам ғалаба қозонишни бошлаш керак, зеро лондонликлар атиги 9 очко билан 16-ўринда боришмоқда.

«Ливерпуль» «Тоттенҳэм» билан ўйиндаги «даҳшат»дан сўнг, ўзига келиб олди, Премьер Лигада ва Чемпионлар Лигасида йирик ғалабаларга эришди. Навбатдаги Лондон сафари Клопп учун яна бир синов бўлиши шубҳасиз. Ўтган мавсумда ливерпулликлар «Вест Ҳэм»ни сафарда йирик ҳисобда енгган бўлишса-да, ундан олдинги уч мавсумда мезбонларнинг қўли баланд келганини унутмаслик лозим.

«Ливерпуль» ўйин олдидан бироз муаммоларга дуч келди – Мане ва Коутиньонинг жароҳатлари ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум эмас, бунинг устига, айнан мана шундай жисмоний куч ва майдон марказидаги устунлик талаб қилинадиган ўйин олдидан Жоржио Вейналдумнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолди.

Хуллас, АПЛнинг марказий ўйинлари якшанбага белгиланган бўлса-да, шанба кунида ҳам зерикмасликнинг иложини топса бўлади. 

 

БОРУССИЯ – БАВАРИЯ (4 ноябрь, 22:30)

Дортмундликлар октябрь ойини жуда ёмон ўтказишди. Бундеслигада якка пешқадам бўлиб турган ҳолатда, қаторасига уч ўйинда ғалаба қозона олишмади ва «Бавария»ни олдинга ўтказиб юборишди. Чемпионлар Лигасида Кипр жамоаси билан икки дуранг жамоани амалда плей-офф йўлланмасидан маҳрум қилди. Ана энди, вазиятни ўнглаш учун яхши имконият бор.

Сабаби, «Бавария»нинг натижалари барқарорлашган бўлса-да, таркибда муаммолар етарли. Ҳужум чизиғида биратўла уч асосий футболчи – Левандовски, Рибери ва Мюллер жароҳат олишган. Шу туфайлими, Ҳайнкес шогирдлари ҳатто «Селтик» билан ўйинда ҳам муаммоларга дуч келишди.

Нима бўлганда ҳам, немис футболининг классикаси, ўйин бўлиб ўтадиган стадион эса, муҳит жиҳатидан Европанинг энг зўр стадионларидан бири – бу албатта, экранларга ҳам кўчиши аниқ.

 

БАРСЕЛОНА – СЕВИЛЬЯ (4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси: 00:45)

«Барселона» 2:0 ҳисобини «яхши кўриб қолди» ва барқарор равишда ишончли ғалабаларга эришиб, турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Валверде жамоа имкониятидан ва масалан Дембеленинг жароҳатидан келиб чиқиб, прагматик футболни танлади ва балки энг тўғри йўл ҳам шу.

«Севилья» икки ҳафта олдин «шок»ни бошдан кечирганди, уч кун ичида аввал «Спартак»ка 1:5, кейин эса, «Валенсия»га 0:4 ҳисобида мағлубиятга учради. Аммо сўнгги ўйинларда жамоанинг ўзига кела бошлаганини кўришимиз мумкин. Уч мусобақада қаторасига уч ғалаба андалусияликларни Испания кубогининг кейинги босқичига олиб чиқди, Чемпионлар Лигасида эса, кейинги босқич учун яхши имконият ҳосил қилди.

Жамоаларнинг ўзаро ўйинларида, сўнгги 6 учрашувда «Барселона» ғалаба қозонган бўлса-да, мухлислар бу ўйинни ҳам қизиқарли қарама-қаршилик сифатида билишади, масалан, икки йил олдинги Европа Суперкубогини (5:4) эслаш кифоя.   

 

МАНЧЕСТЕР СИТИ – АРСЕНАЛ (5 ноябрь, 19:15)

«Манчестер Сити»ни тўхтатиб бўлмаяпти, жамоа барча мусобақаларда, барча ўйинларда фақат ғалаба қозоняпти, аллақачон 50дан ортиқ гол уриб улгурди. Айни мана шундай формадаги жамоани тўхтатиш учун «Арсенал» энг мос номзод бўлмаса-да, Венгер шогирдларидан бирор янгилик кутса бўлади.

Умуман «шаҳарлик»ларнинг сўнгги мағлубияти ҳам айнан «Арсенал»га қарши ўйинга тўғри келади – Англия кубоги ярим финалида «тўпчилар» 2:1 ҳисобида устун келганди. «Арсенал» топ ўйинларда прагматик бўла олишини масалан, «Челси»га қарши сафар ўйинида ҳам намойиш қила олганди.

Манчестерликлар еврокубокдаги ўйинларини «Арсенал»дан бир кун олдин ўтказишган. Аммо Венгер Европа Лигасида тўлиқ иккинчи таркибни туширганини эътиборга олсак, меҳмонларнинг бу жиҳатдан устунликлари бор.  

Бугунгача турли услубдаги, турли жамоаларни ўз ўйини билан енгиб келаётган «Сити» биринчи марта ҳар томонлама ўзига мос ва яқин жамоага қарши тўп суради. Бундан нима чиқишини кўришимизга икки кун қолди холос.

 

ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (5 ноябрь, 21:30)

«Стемфорд Бриж» «МЮ» учун энг ноқулай майдонлардан бири. Агар фақат АПЛ ўйинларини эътиборга олсак, Абрамович даврида манчестерликлар фақат бир марта, 2012 йилда ғалаба қозона олишган холос. Ўша ўйинда ҳам эсингизда бўлса, мезбонларнинг икки футболчиси майдондан четлатилганди.

Кайфият нуқтаи назаридан жамоаларнинг ўйинга икки хил ҳолатда келаётганини айтиш мумкин. «МЮ» мавсумда ҳозирча ягона бўлиб турган мағлубиятини унутиб, қаторасига 3 ўйинда ғалаба қозонди ва ўз дарвозасини дахлсиз сақлади. «Челси» эса, кутилмаганда Римда йирик ҳисобда бой берди. Шундан сўнг, Конте ва раҳбарият ўртасида зиддият юзага келганини ва ҳатто италиялик мураббийнинг истеъфо арафасида турганини ёза бошлашди. Аммо ўтган йили худди шундай вазиятдан Конте ажойиб тарзда чиқиб кетган ва 13 ўйиндан иборат ғалабали серияни бошлаганди.

Жароҳатлар борасида ҳар икки мураббий ҳам ўзига хос тарзда «ўйин ўйнашмоқда». Нголо Канте аллақачон жамоа билан бирга машғулот ўтаётган бўлса-да, Конте уни Римдаги ўйинга олиб бормади ва футболчи ҳали спорт формасига қайтмаганини айтди. Моуриньо эса, жароҳатланган футболчилар ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермай, яна икки кун сабр қилиш кераклигини таъкидлади. Яъни, аслида, Канте ҳам, Погба ҳам ўйинга тайёр бўлиши мумкин. Мураббийлар эса, бу фикрлар орқали биринчидан, рақибни чалғитиш, иккинчидан етакчиларини терма жамоага чақирувдан сақлаб қолишни ният қилган бўлсалар ажаб эмас.   

 

ФИОРЕНТИНА – РОМА

А Серия жуда ҳам қизияпти. Биратўла беш жамоа пешқадамларга хос ўйин намойиш этяпти ва бу жамоалар ўртасидаги максимал фарқ 4 очко холос. Улардан бири «Рома», айниқса, Чемпионлар Лигасида «Челси» устидан йирик ғалабага эришиб, бутун Европани ўзига қаратди. Бу Ди Франческо шогирдларининг қаторасига тўртинчи ғалабаси эди. Умуман «Рома» барча мусобақалардаги сўнгги 11 ўйиннинг 9тасини ғалаба билан якунлаган. 

Бундай вазиятларда жиддий синов учун «Фиорентина» муносиб рақиб. Флоренцияликлар ҳали юқорида айтилган бешлик таркибида бўлмасалар-да, кейинги ўринларда мустаҳкам ўрнашишган ва айниқса, кучли жамоаларга муносиб қаршилик қила олади.


ЛОКОМОТИВ – ЦСКА (5 ноябрь, 18:30)

«Локомотив» ҳазиллашмаяпти. Айниқса, «Зенит»га қарши ўйинаги муҳим ғалаба «темирйўлчилар»ни якка пешқадамга айлантирди ва бу юришнинг мантиқий давоми сифатида «Локомотив» ЦСКА жамоасини ҳам «ер тишлатиши» ва чемпионлик курашидан чиқариб юбориши мумкин.

Гончаренко шогирдлари 25 очко тўплаган ҳолда «Локомотив»дан 7 очко орқада бормоқда ва фақат ғалаба қозониш орқали соврин учун курашга қўшилиб олиши мумкин.

ЦСКА Чемпионлар Лигасида муҳим ғалабага эришди ва кейинги босқичга чиқиш учун ўз имкониятини яхшилаб олди, «Локомотив» эса аксинча, ўз майдонида молдоваликларга ютқазиб, гуруҳ пешқадами бўлиб олиш имкониятини қўлдан чиқарди. Балки Семин шогирдларининг бу қоқинишларига кутилаётган дербига бор диққатини қаратилгани сабабдир.

 

БОНУС

Бошқа топ жамоаларнинг ушбу ҳафтадаги ўйинлари:

4 ноябрь. «Депортиво» – «АТЛЕТИКО» (20:15), «Анжер» – «ПСЖ» (21:00)

5 ноябрь. «ТОТТЕНҲЭМ» – «Кристал Пэлас» (17:00), «ИНТЕР» – «Торино» (16:30), «Кьево» – «НАПОЛИ» (19:00), «ЮВЕНТУС» – «Беневенто» (19:00)

6 ноябрь. «РЕАЛ» МАДРИД – «Лас Палмас» (00:45)

Top