09:20 / 05.11.2017
10712

«Ҳеч қайси диктатор бизнинг имкониятларимизни паст баҳоламаслиги керак» - Трамп

© AFP 2017 / Mandel Ngan

АҚШ президенти Доналд Трамп маълум қилдики, «ҳеч ким, ҳеч қайси диктатор ёки ҳеч қайси тузум америкаликларнинг қатъийлигига паст баҳо бермаслиги керак», чунки америкаликлар «дунёдаги энг довюрак жангчилар»дир.

Трамп якшанба куни Япония пойтахти Токио шаҳри яқинидаги «Йокота» базасига келди, унинг илк чиқиши Оқ уй сайтида трансляция қилинди.

Америкалик ҳарбийлар олдида чиқиш қилишидан олдин президентга генерал-лейтенант Жерри Мартинес учувчилар курткасини кийгизди ва АҚШ президенти бу либосда жуда салобатли кўринаётганини эътироф этди. Америкалик ҳарбийлар президентни олқишлашди.

Президент нутқи бошида базада хизмат қилаётган ҳарбийларга миннатдорчилик билдирди, у шунингдек, японияликларга ҳам ҳурмат бажо келтирди.

«Биз ҳавода хўжайинлик қиламиз, биз сувда хўжайинлик қиламиз, биз қуруқликда ҳам, космосда ҳам хўжайинмиз. Бизда энг яхши қуроллар. Бизда энг яхши одамлар... Сизнинг садоқатингиз ва омилкорлигингиз бизни тарихдаги энг довюрак халққа айлантиради», деган Трамп.

АҚШ президенти мамлакат «ҳеч қачон таслим бўлмаслиги, бировга бўйин эгмаслиги, ўз ҳимояси, ўз озодлиги учун иккиланмаслиги» ҳақида гапирган. 

«Ҳеч бир диктатор, ҳеч қайси тузум ёки миллат АҚШнинг қатъиятини паст баҳоламаслиги керак. Бизни ўтмишда яхши баҳолашмаганди», дея қўшимча қилган у.

Трамп Японияга Осиё бўйлаб бошлаган 13 кунлик турнеси доирасида ташриф буюрди. У якшанба кунининг иккинчи ярмида Япония бош вазири Синдзо Абэ билан ишчи учрашув ўтказади, кейин икки сиёсатчи гольф ўйнашади. Сайтама префектурасидаги Кавагоэда бўлиб ўтадиган ўйинда уларга машҳур япониялик гольфчи Хидеки Мацуяма қўшилади. Душанба куни Трамп Япония императори ҳузурида бўлади,  шу куни япон-америка саммити ўтказилади, кейин Трамп ва Абэ ўтмишда шимолий кореялик агентлар томонидан ўғирланган япон оилалари билан учрашади.

Япониядан кейин Трамп 6-7 ноябрь кунлари Жанубий Кореяда бўлади, 8 ноябрь куни у Хитойга боради, 10 ноябрда эса Вьетнамга йўл олади, бу ерда Осиё-Тинс океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити ўтказилади, Трампнинг Осиёга турнеси 12-14 ноябрь кунлари Филиппинга сафар билан якунланади.

Top