20:20 / 13.11.2017
5821

Исроил Сурия жанубидаги ҳарбий амалиётларни тўхтатмоқчи эмас

Фото: Reuters

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху «АҚШ ва Россия расмийларига яҳудийларнинг Суриядаги ҳарбий амалиёти давом этишини» маълум қилди.

«Биз чегараларимизни назоратда ушлаб турибмиз, мамлакатимизни ҳимоя қилмоқчимиз ва буни давом эттирамиз», дейди Нетаньяху парламентдаги Ликуд партияси аъзоларига юзланиб.

Reuters'нинг хабар қилишича, бош вазир Сурия жанубидаги ҳарбий амалиётларни сусайтирмаслигини қатъий такрорлаб, «бу ҳақда Вашингтон ва Москвадаги дўст»ларига ўз позициясини билдирган.

Бундан аввал, АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия раҳбари Владимир Путин Суриядаги вазиятга баҳо бериб, тез орада ҳарбий кучларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилишаётганини айтганди.

Маълумот учун, Исроил бундан роппа-роса ярим аср муқаддам юз берган «6 кунлик» уруш номи билан машҳур араб-исроил тўқнашувидан сўнг, Сурия жанубидаги Жулан тепалигини эгаллаб олганди. Шу кунларда ҳам Исроил ана шу ҳудудни ўзиники ҳисоблаб, чегарада ҳарбийлари сонини кўпайтиришда давом этмоқда.

Top