iPhone X ишлаб чиқарилишида ўқувчилар меҳнатидан ноқонуний тарзда фойдаланилган
Хитойда янги iPhone X смартфонлари ишлаб чиқарилишида ўқувчиларнинг меҳнатидан ноқонуний тарзда фойдаланилган. Бу ҳақда Чжэнчжоу шаҳридаги темир йўл транспорти билим юрти ўқувчиларига иқтибос келтирган ҳолда 21 ноябрда Financial Times нашри хабар берди.
Билим юрти томондан Apple’нинг Тайвандаги пудратчи компанияси – Hon Hai Precision Industry (Foxconn) заводига юборилган 17 ёшдан 19 ёшгача бўлган 6 нафар ўсмир улар ва уларнинг 3 минг тенгдоши сентябрда ҳар куни 11 соатлаб ишлаганларини нашрга айтиб беришган. Ўсмирларнинг таъкидлашларича, уларнинг заводдаги 3 ойлик меҳнатлари “меҳнат амалиёти” сифатида ҳисобга олинган.
“Ушбу ишга бизни билим юртимиз юборган”, деб айтди ушбу “амалиётда” иштирок этган қизлардан бири. У жазоланиши мумкинлигидан қўрқиб, исмини маълум қилмаган. “Бу иш ўқишимиз билан ҳеч қандай алоқага эга бўлмаган”, деб айтган ўқувчи ва кунига iPhone X учун 1,2 мингта камера йиққанини қўшимча қилган.
Apple ва Foxconn заводда ўқувчилар ишлаганлари аниқланганини тан олган, бироқ улар буни ўз хоҳишлари билан қилганларини таъкидлаган. Иккала компания ҳам болалар белгилангандан кўп ишламасликлари учун чоралар кўришга ваъда берган. “Бизга заводда ўқувчилар ишлаганлари тасдиқланди, бироқ улар ўз хоҳишлари билан ишлаган эканлар. Компания болалар имтиёзлар ва компенсациялар олишлари ва уларнинг белгилангандан кўп ишлашларига йўл қўйилмаслиги бўйича чоралар кўрди”, деб маълум қилинган Apple’да.
Foxconn вакилларидан бири компания ҳар йили иш тиғиз бўлган вақтда, мисол учун қурилмалар бозорга чиқарилишидан олдин ўқувчилар ва талабаларни ишга ёллашларини маълум қилган. Унинг айтишича, бу даврда завод ишчилари сони 100 мингдан 300 минггача кўпайиши мумкин. Шунинг эвазига завод кунига 20 мингта смартфон ишлаб чиқара олади.
Ҳудудий таълим вазирлигида компаниялар шу тариқа битирувчиларга меҳнат тажрибасини олишда кўмак беришлари айтилган. Хитой таълим вазирлиги нашрнинг ушбу ҳолат юзасидан сўровига жавоб бермаган.
Хитойда амалиётда бўлган талабаларнинг белгилангандан кўпроқ ишлашлари ноқонуний ҳисобланади.
Ўқув юрти жойлашган Хэнань ҳукумати Foxconn заводи бошқа ҳудудга кўчирилмаслиги учун унга талабаларни ишлашга тақдим қилади. “Хэнань вилояти Foxconn’нинг ҳудудда ривожланиши учун барча ишни амалга оширади. Гап нафақат солиқ тушумларида, балки саноатнинг модернизация қилиниши, экспорт индустрияси яратилиши, хорижий ҳамкорнинг мавжудлигида ҳамдир”, деб айтган маҳаллий амалдор.
Мавзуга оид
14:09 / 07.10.2024
Наманганда ўқувчилар ижарага олинган Gentraʼда ЙТҲга учради. Машинани бошқарган ўсмир вафот этган
23:19 / 01.10.2024
Таиландда 40 га яқин ўқувчи ва ўқитувчиларни олиб кетаётган автобус ёниб кетди. Камида 20 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда
21:42 / 23.09.2024
Ҳиндистонда яшин уриши оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди
15:11 / 22.04.2024