Ўзбекистон | 14:40 / 27.11.2017
87432
5 дақиқада ўқилади

Маошини ололмаётган 280 дан ортиқ ишчи оиласини боқиши учун ўғрилик қилсинми?

Фото: KUN.UZ

KUN.UZ таҳририятига «Ўзбекнефтегаз» акциядорлик жамияти муассислигида ташкил этилган Chigil Neft Gaz МЧЖ ишчи ходимлари номидан мурожаат келиб тушган эди. Унда мазкур фирма 340 га яқин ишчи хизматчига 9-10 ойдан бери ойлик иш ҳақини бермаётгани ҳақида маълум қилинган.

KUN.UZ мухбири мазкур масалани ўрганиш мақсадида 24 октябрь куни Қарши шаҳрига хизмат сафари уюштирди. Шундан сўнг, «Ўзбекнефтегаз» муассислигидаги фирма ишчилари 10 ойдан бери маош олмади” номли мақола эълон қилинган эди. 

Мақолада «Ўзбекнефтегаз» АЖга қарашли Chigil Neft Gaz МЧЖни “Шўртаннефтгаз” МЧЖ таркибига қўшиш ҳақида буйруқ чиқарилгани, Chigil Neft Gaz'нинг 284 млрд сўмлик техника ва ускуналари «Ўзбекнефтегаз» кўрсатмаси билан қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилинмаган ҳолда олдиндан маълум бир фоиз тўлов амалга оширилмаса ҳам «Ўзбекнефтегаз» АЖ таркибидаги «Ўзбурнефтгаз» АЖга бериб юборилгани, улардан қурилмалар учун атиги 5-6 млрд сўм олингани, 300 дан ортиқ ишчи-хизматчиларга маош берилмаётгани ва бошқа масалалар хусусида бонг урилган эди.  

Таҳририят мухбири Chigil Neft Gaz МЧЖнинг “Шўртаннефтгаз” МЧЖга қўшилиш жараёни қандай кетаётгани, қайси босқичда экани, ишчиларнинг иш ҳақлари билан боғлиқ муаммо қандай ҳал этилаётгани билан боғлиқ масала қай даражада ҳал этилаётганини сўраш мақсадида “Шўртаннефтгаз” МЧЖ директори Шокир Жабборов билан телефон орқали боғланди. Афсуски, мухбир ўзини таништирганидан сўнг, даставвал ўзининг “Шўртаннефтгаз” МЧЖ директори эканини тасдиқлаган Шокир Жабборов мурожаат моҳиятини англаганидан сўнг, гўшакни қўйди ва у билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади. 

Шундан кейин Chigil Neft Gaz МЧЖ директори Салимхўжа Аманов билан боғландик. Унинг маълум қилишича, айни вақтда МЧЖнинг “Шўртаннефтгаз” МЧЖ таркибига қўшилиши бўйича амалий ишлар тез суръатларда олиб борилмоқда. “Шўртаннефтгаз” МЧЖ мазкур жараён якунламагунча, ҳуқуқий жиҳатдан Chigil Neft Gaz ишчи-хизматчиларига бирор кўринишда бўлсин маош тўлай олмайди. Амановнинг айтишича, тугатилаётган масъулияти чекланган жамияти ишчиларининг ҳеч бири, шу жумладан, ўзи ҳам бир неча ойлардан бери маошни тўлиқ олгани йўқ. Фақатгина, 5-6 нафар ишчига, МИБ томонидан ордер келгани сабабли маошлари тўлиқ тўлаб берилган, холос. 

«Ўзбекнефтегаз» АЖга бериб юборилган қурилмалар учун ўтказилиши керак бўлган 284 млрд сўм маблағ хусусида сўраганимизда, Аманов у маблағ ҳали ўтказиб берилмаганини билдирди. 

Шу ўринда бир мулоҳаза. Гапнинг индаллосини айтганда, мулоҳаза билдиришдан ҳам чарчади одам, чунки бу мулоҳазаларни ўқиган мутассади ташкилотларнинг ҳеч бири, асосийси, Chigil Neft Gaz муассиси ҳисобланган «Ўзбекнефтегаз» АЖ 300 дан ортиқ ишчининг маошини бериш учун амалий чора кўргани йўқ. Маошини ололмаётган оталар ишдан борганида фарзандлари қўлларига термулишганда нима деб жавоб беришаётган экан? Балки, Қаршида маошини бир неча ойлардан буён ололмаётган, аммо умидини узмаётган 300 ишчининг ортида неча қоракўз борлигини юқоридаги раҳбарлар кўз олдиларига келтирмаётгандир?! Ёки ишчилар оилаларига бирор нарса олиб бориши, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлай олмаганлари боис (субъектив сабабга кўра) МИБ томонидан ёзилаётган пеня ва жарималарни тўлаши учун жиноятга қўл уришлари керакми?

Акс ҳолда, «Ўзбекнефтегаз» МХК раҳбарияти, жиллақурса, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси талабини бажарган бўлар эди. Ўзбекистонда амалдан тўхтатилган эмас, балки амалда бўлган (балки қоғоздадир) 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш жараёни тартибга солинган бўлиб, унга кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги қайд қилинган. Кодекснинг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, мазкур Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда амалга ошириши белгиланган. 

Лекин «Ўзбекнефтегаз» АЖ Chigil Neft Gaz'ни “Шўртаннефтгаз”га қўшиш тўғрисида қарор чиқарганидан кўнгли тўлган шекилли, ишчиларнинг маошини бериш борасида жуда ҳам бош оғритаётгани йўқ. 

Толиб Раҳматов,

KUN.UZ мухбири.

Мавзуга оид