Жамият | 14:44 / 01.12.2017
8953
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологиялар жорий этилади

Президентнинг 27.11.2017 йилдаги ПҚ–3405-сон қарори билан 2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури тасдиқланди.

Norma.uz’нинг хабар беришича, у ўз ичига қуйидаги чора-тадбирларни олган:

•  ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ва қайта тиклаш лойиҳаларини амалга ошириш;
•  қишлоқ хўжалиги экинларини томчилаб суғориш ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологиялари тизимини жорий этиш;
•  ирригацияни ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
•  мелиоратив сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослашган қурилиш ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
•  сув хўжалиги раҳбарлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш;
•  сув ресурсларидан фойдаланиш мониторинг тизимларини такомиллаштириш.
 
Бир ой муддатда вилоятлар ҳокимликлари томонидан ҳудудий комплекс чора-тадбирлар дастурлари ҳамда ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли лойиҳалари рўйхати ишлаб чиқилади. Бунда 2017 йилда давлат эҳтиёжлари учун пахта тайёрлаш мажбуриятларини бажармаган туманларнинг суғориладиган ерларини суғориш суви билан таъминлаш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича муаммоларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
 
Тижорат банклари томчилаб суғориш тизимини ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришнинг сувни тежайдиган бошқа технологияларини жорий этаётган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан инвестицияларни жалб этилишига кўмак кўрсатади.
 
Ҳужжат 28.11.2017 йилдан кучга кирди.    

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид