Ўзбекистон | 19:45 / 01.12.2017
11966
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Россия иштирокидаги мингга яқин корхона фаолият юритади

Фото: Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасида Россия томони иштирокида 950дан ортиқ корхона фаолият юритади, жумладан қарийб 810таси қўшма ва 150таси 100 фоиз Россия капиталига эга корхоналар. Хусусан, Россия Федерациясининг 60дан зиёд компания ва фирмаларига тегишли ваколатхоналар аккредитациядан ўтказилган. 

Ўз навбатида, Россия ҳудудида Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида 570га яқин корхона ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Ахборот хизмати 1 декабрь куни бўлиб ўтган “Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари” мавзуидаги давра суҳбатида берилган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг соҳага оид вазирликлари ва идоралари, шунингдек, кимё, енгил саноат, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, авиация, металлургия, нефт ва газ ускуналари, энергетика, гидротехника каби соҳаларда фаолият юритаётган ўзбек ва рус компанияларининг вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбатини ўтказишдан кўзланган мақсад ўзбек ва рус компаниялари ўртасида савдо алоқалари ўрнатилишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналарни ташкил этиш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқишдан иборат бўлди.

Фото: Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

Учрашув чоғида ССП Раиси А.Икрамов меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ўзгаришлар ва Ўзбекистон бозорида Россия компаниялари учун яратилаётган инвестициявий имкониятлар, иқтисодиётни ва валюта бозорини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат иқтисодиётининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар, шунингдек, амалдаги ва янги ташкил этилган ЭИЗларда чет эллик инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга, икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид