Light | 14:58 / 02.12.2017
32818
4 дақиқада ўқилади

Энг хавфли аммо рухсат берилган 8 та озиқ-овқат қўшимчаси

Фото: Лайфхакер

Озиқ-овқат қўшимчалари кўп марталик тадқиқотлардан сўнг таомга қўшилади ва хавфсиз ҳисобланади. Бироқ айрим ҳолларда рухсат берилган моддалар саломатликка зиён етказиши мумкин. Lifehacker шу ҳақда сўз юритади.

1. Натрий нитрити

Е250 сифатида акс этувчи таом қўшимчаси — бу нитрат кислотасининг тузи ҳисобланади. Ундан маҳсулотлар эскиришига қарши фойдаланилади. У гўшт маҳсулотларининг иштаҳани очувчи пушти рангини сақлаб қолишда ёрдам беради. Унинг антибактериал таъсири ҳам фойдали. У ботулизм касаллигини уйғотувчи батерияни ўлдиради. 

Аммо натрий нитрити катта миқдорда заҳарлидир. Мисол учун 4,6 г натрий нитрити 65 кг вазнли кишининг ўлимига олиб келади. Бироқ маҳсулотларда 1 кг учун кўпи билан 50 мг миқдорда қўшилиши таъминланади. 

Натрий нитритининг яна бир салбий таъсири — бу унинг канцерогенлигидир. Аниқроғи, азот кислотаси тузи гўштлар таркибидаги аминокислоталар билан реакцияга киришади ва нитрозаминларни ҳосил қилади. Айнан шу модда саратон хасталикларини келтириб чиқариши мумкин. Бироқ аскорбин кислотаси ва изоаскорбин кислотасининг қўшилиши нитрозаминлар пайдо бўлишига йўл қўймайди. Ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини хавфсизлигини таъминлашда айнан шундан фойдаланишади. Бундан ташқари, натрий нитрит истеъмоли ва мигрень ўртасида боғлиқлик борлиги ҳам аниқланган. 

2. Натрий нитрати

Кимё фанида NaNO3 деб ифодаланувчи нитрат кислотасининг натрий тузи озиқ-овқат қўшимчаси сифатида E251 коди билан белгиланади. Натрий нитрати колбасалар, конссервалар ва пишлоқлар ишлаб чиқаришда қўлланилади. Бу қўшимча маҳсулотларнинг сақланиш муддатини узайтиради ва гўшт маҳсулотларининг рангининг ёқимли бўлишини таъминлайди. 

Натрий нитратининг муаммоли жиҳати шундаки, у ҳам нитрозаминлар ҳосил қилади. У Е251 қўшилган маҳсулотлар қиздирилганида пайдо бўлади. Аммо мазкур ҳолатда ҳам аскорбин ёки изоаскорбин кислотаси қўл келади. 

Фото: Xcook Info

3. Тартразин

Е102 бўёғи маҳсулотларга сариқ тус беради. У газли ичимликлар, кондитерлик маҳсулотлар, меваларни консервалашда қўлланилади. Тартразин аллергик реакциялар келтириб чиқариши мумкин. Албатта, тадқиқотларга кўра, унинг истеъмолидан келиб чиқадиган салбий ҳолатлар 0,01 фоиз одамда кузатилади. 

4. Олтингугурт(IV) оксиди  

Е220 қўшимчаси айрим турдаги вино ва қуруқ меваларни тайёрлашда фойдаланилади. Бу антиоксидант маҳсулотларнинг ачишига тўсқинлик қилади, унинг кўринишини сақлайди, бактериялар ва замбуруғларга қарши курашади. Бироқ олтингугурт қўшоксиди астма билан хасталанган беморларнинг аҳволини оғирлаштириши мумкин. 

Фото: Depositphotos

5. Бутилгидроксианизол

Е320 қўшимчаси антиоксидант ва консервант сифатида қўлланилади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бу модда канцероген бўлиши мумкин. Каламушлар ва Сурия тилларангли кемирувчи ҳайвонида ўтказилган тажрибалар шундай дейишга асос бўлмоқда. Умуман бутилгидроксианизолни жуда кам миқдорда истеъмол қилиш саратонга олиб келмаслиги аниқланган. 

6. Бензой кислота ва натрий бензоати

Бензой кислота (Е210) ва натрий бензоати (Е211) консевантлар ҳисобланади. Олимларнинг хавотирлари ушбу қўшимчаларнинг аскорбин кислотаси билан қўшилганида бензол ҳосил бўлиши эҳтимоли билан боғлиқ. Бензол заҳарли ва канцероген (саратон чақирувчи) ҳисобланади. Бензоик кислота ва натрий бензоатининг хавфсиз миқдори тана вазнининг 1 кг.ига 5 мг.ни ташкил этади. 

Фото: 21food.com

7. Натрий гидросульфити

Е222 вино ишлаб чиқаришда ичимлик ачишининг олдини олиш ва унинг мазасини сақлашда ҳамда меваларни консервалашда фойдаланилади. Натрий гидросульфити аллергия реакцияларини келтириб чиқариши ва астмага сабаб бўлиши мумкин. 

8. Бриллиантли қора BN

Қора Е151 бўёғи АҚШ, Бельгия, Дания, Франция, Германия, Швеция, Австрия, Швейцария, Япония, Финландияда тақиқланган. Аммо Россияда рухсат берилган. Қўшимча аллергия келтириб чиқариши ва астма хуружига сабаб бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид