Жаҳон | 14:50 / 07.12.2017
19266
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Исроилга қарши бош кўтаришга чақирди

ҲАМАС гуруҳи раҳбари Исмоил Хония Исроилга қарши янги ғалаёнлар бошлашга чақирди. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатмоқда.

«Биз сионистлар томонидан туғилган таҳдидларга қарши янги интифада уюштириш устида ишлашимиз ва одамларни шунга тарғиб этишимиз керак», — деган Хония.

Исмоил Хония
Фото: Majdi Fathi / ZumaPress / Globallookpress.com

Унинг бундай мурожаатига АҚШ президенти Дональд Трампнинг шарқий қисмига фаластинликлар даъво қиладиган Ал-Қудс шаҳрини Исроил давлати пойтахти деб тан олиши сабаб бўлди.

«Мен ҳозир Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб расман тан олиш вақти келди, деган қарорга келдим. Исроил суверен давлат ҳисобланади, шундай экан, бу давлатнинг ҳуқуқини тан олиш керак», — деди америкаликлар раҳбари. У АҚШ Давлат департаментига Тель-Авивдаги элчихонани Ал-Қудсга кўчиришга тайёргарлик кўришни бошлаш вазифасини топширди.

Ал-Қудснинг статуси — Фаластин-Исроил можароларида энг асосий муаммолардан бири. Исроил 1949 йилги урушдан кейин Ал-Қудснинг ғарбий қисмига эгалик қила бошлаган. Исроилликлар шаҳарнинг шарқий қисмини 1967 йилги уруш натижасида босиб олишган. Улар Ал-Қудсни Исроилнинг ягона ва бўлинмас пойтахти деб иддао қилиб келишади. Фаластинликлар эса шаҳарнинг шарқий қисмини ўз пойтахти қилиш истагида.

Ҳамкор давлатларнинг Исроилдаги элчихоналари асосан Тель-Авив, Рамат-Гане ва Герцлиида жойлаштирилган.

Интифада атамаси фаластинлик арабларнинг Исроилга қарши қуролли курашини англатади. ҲАМАС ҳаракатига 1987 йилда асос солинган. 2007 йилдан буён ушбу ташкилот Ғазо секторини назорат қилади. Ҳаракат аъзолари Исроил ҳудудида исроилликларга тинимсиз равишда ҳужумлар уюштириб келишади. ҲАМАС Исроил, Канада, АҚШ ва Япония томонидан террорчи ташкилот сифатида қайд этилган, ташкилот фаолияти Иордания ва Мисрда тақиқланган. Австралия ва Буюк Британияда унинг ҳарбий қаноти террористик гуруҳ сифатида тан олинади.

Мавзуга оид