Спорт | 16:30 / 08.12.2017
54934
11 дақиқада ўқилади

Қизил ва кўк. Уикенднинг асосий ўйинлари анонси

«Трибуна» Европа яшил майдонларида дам олиш кунлари ўтказиладиган асосий ўйинлар анонсини тақдим этади.

ВЕСТ ҲЭМ – ЧЕЛСИ (9 декабрь, 17:30)

Бу ҳафта Англия Премьер лигасида учта дерби бўлиб ўтади. Илк ўйин Лондон дербиси. «Вест Ҳэм» сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турган бўлса-да, масалан, ўтган турда «Манчестер Сити»га қарши ўйинда жуда яхши салоҳиятга эга эканини намойиш қилди. Мойес шогирдларининг энди ўз майдонларида етакчилардан бири билан муносиб кураша олишларига ишонса бўлади. Жамоа АПЛда 8 ўйиндан буён ғалаба нималигини билмай келаётган бўлса-да, «Вест Ҳэм» алоҳида бир учрашувда ҳар қандай рақибга муаммо туғдириши мумкин, мисол учун, Англия Лига кубогида «Тоттенҳэм» устидан қозонилган ғалабани эслайлик. Ўтган йили ҳам худди шу мусобақада улар «Челси»ни мағлуб этишганди.

Бунинг устига, «Челси»нинг ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида кучли рақиб билан майдонга тушганини ҳам унутмаслик керак. Тўғри, лондонликлар ўтган турда кейинги босқич масаласини ҳал қилгандилар, аммо бу ўйин гуруҳдаги 1-ўринни аниқлашда жуда муҳим эди. 

Умуман бу жамоалар ўртасидаги баҳсларда «Челси»нинг натижалари анча юқори бўлса-да, сўнгги 6 ўйинда фақат минимал ҳисоб ёки дуранг қайд этилган. Шу фактнинг ўзи ҳам эртага жуда кескин учрашув кўришимиз мумкинлигига асос бўла олади.

БЁРНЛИ – УОТФОРД (9 декабрь, 20:00)

Бу мавсумда ҳаммани энг кўп ҳайрон қолдираётган икки жамоа ўзаро тўқнаш келади. Чемпионат бошланмасидан Англияда илк 6 ўринни кимлар эгаллаши аниқдек кўринган, кейинги ўринларни эса, кўпроқ ёзда яхшигина трансфер компанияси олиб борган «Эвертон», «Вест Ҳэм» каби жамоалар эгаллашини кутишганди.

Аммо Шон Дайч ва Маркус Сильва (қизиғи, ҳар икки мураббийга «Эвертон» қизиқиши билдирмоқда) жамоалари ўртамиёналар ичида жуда кучли ўйин намойиш этишмоқда ва Топ-6 га жуда яқин туришибди. Атиги икки йил олдин бу икки жамоа Чемпионшипда орани очиқ қилиб юрганликларига ишониш қийин.

РЕАЛ – СЕВИЛЬЯ (9 декабрь, 20:15)

Мадрид клуби «Севилья»ни ўз майдонида қабул қилган сўнгги 11 учрашувда фақат ғалаба қозонган. Аммо ҳеч қачон ўйин олдидан бу қадар муаммоли ҳолатда қолмаган бўлса керак.

Бильбаодаги ўйин «Реал»дан муҳим 2 очкони тортиб олиш билан биргаликда, биратўла уч муҳим футболчини сафдан чиқарди. Серхио Рамос қизил карточка олган бўлса, Карвахаль ва Каземиронинг сариқ карточкалари кўпайиб қолгани туфайли навбатдаги учрашувда майдонга туша олмайди. Бунинг устига Гарет Бэйл, Рафаэл Варан каби футболчиларда жароҳат борлигини инобатга олсак, «Севилья» омадли якундан умид қилса бўлар, балки.

«Севилья» Чемпионлар Лигасида кейинги босқичга чиқди, Ла Лигада қаторасига 3 ўйиндан бери ғалаба қозонди ва очколар бўйича «Реал»га етиб ҳам олди. Бу мавсумда кучли тўртлик учун Испанияда ҳам биратўла 5 жамоа ҳақиқий даъвогарлик қилаётганини эътиборга олсак, ҳар бир очко учун кескин баҳс кутишга ҳаққимиз бор, албатта.   

ЮВЕНТУС – ИНТЕР (9 декабрдан 10 декабрга ўтар кечаси, 00:45)

А Серияда узоқ вақт «Наполи» 1-ўринда борган пайтда, «Ювентус» устози Аллегри кўпроқ «Интер»дан чўчиётганини яширмаганди. Ростан ҳам, таркибдаги мувозанат, ҳимоянинг барқарорлиги ва натижа учун прагматик ўйнай олиш салоҳияти бўйича «Интер» салобатлироқ кўринади.

Ўтган ҳафта «Ювентус» А Серия пешқадами, ўша ўйингача мағлубият нималигини билмай келаётган «Наполи»ни мағлубиятга учратди. Бу натижа «Интер»ни 1-ўринга олиб чиқди. Чемпионлик курашида фаворитга айланиш учун туринликлар худди ўша вазифани яна бир марта амалга оширишларига тўғри келади.

«Интер» ҳам 15 учрашувда мағлубият нималигини билмай келмоқда. «Ювентус» миланликларни мағлубиятга учратиш орқали, ҳеч бўлмаса, бир кунга А Серия пешқадами бўлиб олиши мумкин. Биринчи ўринга чиқиб олган «Ювентус»ни у ердан қайтариб тушириб юбориш қанчалик қийин бўлишини «Интер»дан яхшироқ биладиган жамоа бўлмаса керак.

Жамоалар ўртасидаги сўнгги 17 ўйиннинг 9тасида «Ювентус»нинг қўли баланд келган, 3 ўйинда «Интер» ғалаба қозонган. 

СПАРТАК – ЦСКА (10 декабрь, 18:30)

Ҳар икки жамоа Европа Чемпионлар Лигасининг сўнгги туригача кейинги босқичга чиқиш учун имконият сақлаб турди ва ҳар икки жамоа Англия жамоаларига қарши сафарда тўп суриб, мағлубиятга учради. Ҳар икки жамоа энди курашни Европа Лигасида давом эттиради.

Шунингдек, ҳар икки жамоа Россия чемпионатида ғолибликдан умид узгани йўқ ва Москванинг яна бир жамоаси «Локомотив»ни таъқиб қилиб бормоқда. Айниқса, «Спартак»нинг сўнгги турлардаги натижалари таҳсинга сазовор. Жамоа августдан буён ички чемпионатда мағлубият нималигини билмаяпти. Бу орада «Зенит» ҳам чиройли тарзда мағлубиятга учратилди.

Хуллас, Россиянинг энг муҳим дербиси ҳам айнан мана шу ҳафтага мўлжалланган. Бу ўйиндан сўнг рус жамоалари февралгача танаффусга чиқиб кетишларини инобатга олсак, жамоалар имкон қадар яхшироқ кайфият ва очколар билан йилни тугатишни мақсад қилишлари шубҳасиз.

ЛИВЕРПУЛЬ – ЭВЕРТОН (10 декабрь, 19:15)

Клопп шогирдлари сўнгги ўйинларни ниҳоятда ҳужумкор ўтказмоқдалар. АПЛдаги сўнгги олти ўйиннинг бештаси йирик ҳисобдаги ғалаба билан якунланди. ЕЧЛда «Спартак» дарвозасига 7 гол ҳам «Ливерпуль»нинг бугунги кундаги ажойиб спорт формасидан даракдир.

Ўз навбатида «Эвертон» ҳам ўзига кела бошлади ва сўнгги икки ўйинда умумий 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Сэм Эллардайс жамоа ўйинига ўз имзосини қўя бошлаганини пайқаш мумкин ва тез кунларда биз билган курашувчан «Эвертон»ни кўрсак керак.

Шу ўринда, меҳмонларнинг 2011 йилдан буён «Энфилд»да очко олмаётганини, умуман дербилардаги «Эвертон»нинг сўнгги ғалабаси 14 ўйин аввал юз берганини алоҳида эътироф этиш керак.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД - МАНЧЕСТЕР СИТИ (10 декабрь, 21:30)

Италия чемпионатида грандлари хафа бўлишмасин-у, бу ҳафтадаги Европанинг энг марказий ўйини Манчестер дербисидир. Мезбонлар ҳозирда қўшниларидан 8 очко ортда қолмоқда ва фақат ғалаба қозониш орқали Моуриньо Англия Премьер Лигасига интригани қайтариши мумкин.

Ўтган йили «Олд Траффорд»да бўлиб ўтган ўйинда «Сити» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўша ўйиндан буён «Манчестер Юнайтед» бу стадионда 40 ўйин ўтказди ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамай, клуб рекордини қайд этди. Айнан «Сити» билан ўзаро ўйинларда ҳам Моуриньо паллани ўз томонига оғдира олди. Англия Лига кубоги учрашувида 1:0 ҳисобида ғалаба, кейин «Иттиҳод»даги ўйинда 0:0 ҳисобида дуранг, ёзда АҚШ ташкил қилинган ўртоқлик ўйинида эса, «иблислар» 2:0 ҳисобида устун келганди.

Ўз навбатида «Манчестер Сити» ҳам ажойиб рекорд бўсағасида турибди. Қаторасига 13 АПЛ ўйинида ғалаба қозонган Гвардиола шогирдлари 14-ғалаба билан мутлақ рекорд соҳиби бўлади.

Яна бир қизиқ факт, «Юнайтед» ушбу мавсумда ўз майдонида 100 фоизлик натижа қайд этмоқда, «Манчестер Сити» эса, аксинча, сафар ўйинларида ҳали очко йўқотгани йўқ. Демак бу сериялардан ҳам қайсидир бири якшанба куни поёнига етади.

Таркибларга келадиган бўлсак, «Юнайтед» етакчиси Поль Погба дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. Шунингдек, Эрик Байи ҳам тикланиб улгургани йўқ. Меҳмонлар сафида эса, Давид Сильванинг майдонга тушиши сўроқ остида турибди.

Ҳафта ўртасидаги ЕЧЛ ўйинида «Юнайтед» ортиқча уринмай ЦСКА устидан ўз майдонида ғалаба қозонган бўлса, «Манчестер Сити» бир кун кейин, сафарда, Украинада тўп суришига тўғри келди. Бу ўйинда Гвардиола таркибда бир қатор ўзгаришлар қилган бўлса-да, деярли асосий таркиб Украинага борди, бу ҳам дерби ўйинида «Манчестер Сити»га халақит бериши мумкин.

ВИЛЬЯРЕАЛ – БАРСЕЛОНА (10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси, 00:45)

Каталонияликлар учун энг қийин сафар ўйинларидан бири бўлиши мумкин. «Вильяреал» ҳозирда 21 очко тўплаб, кучли тўртликдан 7 очко ортда қолаётган бўлса-да, айниқса, ўз майдонида ҳар қандай рақибга қаршилик қила олиши барчага маълумдир. Жамоанинг Ла Лигада уч ўйиндан буён ғалаба қозона олмаётгани қўшимча мотивацияга сабаб бўлади.

«Барселона» ўйинида сезиларли пасайиш кузатилаётганини пайқаш мумкин – жамоа Ла Лигада қаторасига икки ўйинда дуранг ўйнади. Каталонияликлар бахтига, яқин таъқибчи бўлмиш «Валенсия» ҳам, Мадрид клуби ҳам йўқотишларга учрагани учун, Валверде шогирдлари пешқадамликни ишонч билан сақлаб турибди.

«Вильяреал» 15 ўйиндан буён «Барселона» устидан ғалаба қозонмай келяпти, аммо жамоа ўз майдонидаги сўнгги икки ўйинда «Барселона»га ютқазмаганини ҳам унутмаслик лозим. «Барселона»нинг кейинги сафарлари «Реал» ва «Сельта» майдонига, кетма-кет юз беради, шу жиҳатдан бу ўйинда имкон қадар уч очко олиш жуда муҳимдир. Шунингдек, Чемпионлар Лигасида гуруҳдан чиқа олмай, бор эътиборини Испания чемпионатига қаратиши кутилаётган «Атлетико» жиддий равишда таъқибни бошлаганини ҳисобга олиш лозим.

Бошқа ЎЙИНЛАР

9 декабрь. Айнтрахт – БАВАРИЯ (19:30), ТОТТЕНҲЭМ – Сток Сити (20:00), ПСЖ – Лилл (21:00), ВАЛЕНСИЯ – Селта (24:45)

10 декабрь. Кьево – РОМА (16:30), Саутҳэмптон – АРСЕНАЛ (17:00), НАПОЛИ – Фиорентина (19:00), Бетис – АТЛЕТИКО (20:15)

Мавзуга оид