Кучли бешлик чемпионатларида жами 6 жамоа юз фоизлик натижа кўрсатиб турибди. Қизиғи, уларнинг тўрттаси шу ҳафта ўзаро куч синашади. Бундеслига пешқадамлари ўртасидаги баҳс ва Милан дербиси айнан шу жиҳати билан эътиборимизни қозонса ажаб эмас. Демак, камида икки, балким кўпроқ жамоа ушбу дам олиш кунларида илк очкосини йўқотади. Келаси ҳафтадан еврокубоклар ҳам старт олишини инобатга олсак, олдимизда яна бир ойлик футбол марафони кутиб турибди.  

БАВАРИЯ – БАЙЕР (15 сентябр, 23:30)

Анъанавий тарзда ҳафтанинг шанба кунлари чиқадиган анонсимиз бир кун олдин тақдим қилинганининг асосий сабаби шу учрашувдир. Айниқса, «Байер»нинг ушбу мавсум кўрсатаётган ўйинлари кўпчиликнинг эътиборига тушган бўлса ажаб эмас. Аслида Хаби Алонсо жамоаси ўтган йили ҳам кўпчиликнинг тилига тушганди, аммо мавсум охирига келиб натижалар беқарорлашди ва жамоа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмади. Кўпчилик энди жамоа етакчиларининг кетиши билан боғлиқ пасайиш рўй беради деб кутганида эса клуб асосий етакчиларини сақлаб қолиш билан бир қаторда анча фойдали харидларга қўл урди. Гранит Жака ва Йонас Хоффманлар жамоа ўйинига тажриба ва салобат олиб кирган бўлишса, Бельгиядан келган Виктор Око Бонифасе умуман Бундеслига кашфиёти бўлиб турибди. Нигериялик 22 ёшли ҳужумчи 4 гол ва 2 пас билан умумий кўрсаткичлар бўйича лига пешқадами бўлиб турибди. «Байер» эса умуман, 3 турдан сўнг энг кўп гол (11) урган ва энг кам (2) ўтказиб юборган жамоадир. 

«Бавария» бундай отилиб чиққан жамоаларни ўз ўрнига тушириб қўйиш бўйича мутахассис, аммо бу ишини одатда мавсум ўрталари ёки охирида амалга оширар эди. Яқинда суперкубок баҳсида мюнхенликлар «Лейпциг»га енгилганини эътиборга олсак, Тухел шогирдлари ҳали тўлиқ оптимал формага кириб олишгани йўқ. Бунинг устига, келаси ҳафта ЕЧЛ доирасида «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйин кутиб турганини ҳам унутмаслик керак. 

«Байер» бу стадионда ўтган мавсумда 0:4 ҳисобида йирик мағлубиятга учраган, аммо баҳорда ўтган жавоб ўйинида реваш олганди – 2:1. Умуман леверкузенликларнинг «Бавария» майдонида уч очко қўлга киритишга муваффақ бўлганига кўп бўлгани йўқ. 2019 йилда меҳмонлар Леон Бэйлининг дубли эвазига 2:1 ҳисобида ғалабага эришган эди.  

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – БРАЙТОН (16 сентябр, 19:00)  

Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусда ким-ким «Манчестер Юнайтед» мухлислари умуман зерикишмади. Аввалига Антони билан боғлиқ можаро – Бразилияда футболчига очилган жиноят иш сабабидан у аввал миллий жамоасидан, кейин эса «МЮ» машғулотларидан четлатилди. Кейин Жейдон Санчонинг тен Ҳаг билан можароси – мураббий футболчини танқид қилди, футболчи ижтимоий тармоқлар орқали жавоб қилди ва узр сўрамоқчи эмас. Натижада у ҳам вақтинча умумий гуруҳда шуғулланишдан четда қолди. Буёқда Магуайрнинг навбатдаги автоголи футбол жамоатчилигини қайта қўзғатиб юбордики, ҳатто ҳимоячининг онаси ҳам баёнот беришга мажбур бўлди. Буларнинг ҳаммаси Амад, Майну, Маунт каби ўнг қанотда ўйнаши мумкин бўлган ҳамда Варан, Мартинес, Шоу каби марказий ҳимоячилар жароҳати фонида рўй бераётгани тен Ҳагга яна қўшимча бошоғриғи юклаётгани шубҳасиз. Мартинес ҳамда жамоага янги қўшилган Амрабатнинг «Брайтон»га қарши тайёр бўлиш эҳтимоли айтилаётган бўлса-да, юқори спорт формасида бўлмасликлари табиий. Бунинг устига Амрабат ҳали тўлиқ таркиб билан бирорта машғулот ўтказиб улгургани йўқ.