Жаҳон | 10:03 / 09.12.2017
32517
2 дақиқада ўқилади

ИШИД Туркманистон билан чегарадаги афғон вилоятида кимларни ёлламоқда? 

Фото: Ca-news

Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарада жойлашган Жузжон шимолий вилоятида ИШИД террорчилик гуруҳи жангариларини ўқитишнинг яширин марказлари фаолият кўрсатмоқда, уларда тахминан 300 нафар ёшлар тайёргарликдан ўтмоқда. Бу ҳақда Pajhwok нашри маҳаллий ҳокимият вакилларига таянган ҳолда хабар берди.

Дарзоб уездидаги маъмурий бўлинма бошлиғи вазифасини бажарувчи Баз Муҳаммад Даварнинг айтишича, ИШИД яқинда Могул қишлоғида ўзига жангарилар тўплаш бўйича катта йиғимни ташкил этган.

Унинг сўзларига кўра, ИШИД ўз сафига яхши бўлмаган оилаларда вояга етган 20 ёшдан кичик шахсларни жалб этиш ҳаракатида. Баъзи маълумотларга кўра, янги жангарилар гуруҳ сафига қўшилганликлари учун 30-40 минг афғоний атрофида пул олишади.

Вилоят кенгаши аъзоси Муҳаммад Салимнинг тасдиқлашича, Дарзобда ИШИДга қўшилган ўсмирлар сони кескин ортган, ҳамда маҳаллий аҳоли бу вазиятдан ташвишга тушиб қолган.

Унинг сўзларига кўра, айни дамда қишлоқ туманларда яшовчи аҳоли ИШИД талабларини қабул қилишдан бошқа танловга эга ҳам эмас.

Шу билан бирга, вилоят кенгаши раҳбари Бобур Ишчи Дарзобдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан ташвишда эканини билдирди. «Биз маҳаллий амалдорларни жангариларга қарши амалиёт ўтказишга мажбурламоқдамиз», - дея таъкидлаб ўтди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид