Жаҳон | 08:23 / 09.12.2017
16065
2 дақиқада ўқилади

Покистон ҳаво кучлари АҚШ дронларини уриб туширишга кўрсатма берди

Фото: Newatlas.com

Покистон ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони мамлакат суверенитетини бузадиган ҳар қаандай дронларни, АҚШга тегишли бўлса ҳам уриб туширишга буйруқ берди. Қўмондон Покистоннинг асосий иттифоқчиси бўлган АҚШга қарши сўзларини Исломободдаги авиация талабалари қаршисида сўзлаган нутқида келтирди. Унинг таъкидлашича, Покистон ҳарбий ҳаво кучлари мамлакат суверенитетини ҳимоя қила олади. Ҳаво кучлари маршали Суҳайл Омон, шунингдек Покистоннинг бир вақтлар Американинг F-16 ҳарбий самолётларини харид қилиш учун пул тўлагани, аммо улар етказиб берилмаганини ҳам ёдга олган.

“Биз Усома бин Лодин билан боғлиқ ҳолатда хатога йўл қўйдик. Аммо энди мамлакат суверенитети қандай бўлмасин ҳимоя қилинади”, - деган Суҳайл Омон Ҳаво кучлари университетида ташкил этилган AirTech 17 кўргазмасида. 

“Биз ҳеч кимга ҳаво чегараларимизни бузишига йўл қўймаймиз”, дея Омон сўзларидан иқтибос келтиради The Times of India нашри. 

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Афғонистон билан чегарадош Покистон ҳудудларида дронлар парвозини амалга оширади ва жангарилар, дея тахмин қилган тўдаларга зарба бериш амалиётини ўтказиб келади. Бу эса, покистонлик тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиши сабабли норозиликларга сабаб бўлмоқда. 

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид