Жаҳон | 17:30 / 11.12.2017
15559
2 дақиқада ўқилади

Жанжал! ЕХҲТ бош котиби Туркманистон қамоқхоналари бўйича саволга жавоб бермади

Фото: habartm.org

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Томас Гремингер Туркманистоннинг қатор нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакилларининг саволига жавоб беришдан бош тортди. Улар Гремингердан яқинда Ашхободда Гурбангули Бердимуҳамедов билан ўтказган учрашувида туркман қамоқхоналарида йўқолиб кетган одамлар бўйича масалани муҳокама қилгани ёки қилмагани билан қизиқишди, деб хабар бермоқда «Туркманистон муқобил янгиликлари» нашри.

Савол 5-6 декабрь кунлари Австрия пойтахти Венада бўлиб ўтган ЕХҲТ фуқаролик жамиятининг параллель конференцияси доирасида берилди, бу тадбир ушбу ташкилот вазирлари Кенгашининг йиғилишидан аввал бўлиб ўтди.

«Жаноб бош котиб, Сиз “Уларни тирик кўрсатинг!” халқаро кампанияси ҳақида эшитган бўлсангиз керак. У Туркманистон қамоқхоналарида йўқолган собиқ юқори мансабли амалдорлар, фаоллар ва диний моддалар бўйича судланган инсонларни ҳимоя қилишга қаратилгандир. Куни кеча Сиз Туркманистондан қайтиб келдингиз, у ерда президент Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказдингиз. Сизнинг Твиттердаги хабарларингизга кўра, сафардан кўнглингиз тўлган. Айтингчи, Сиз президент билан суҳбатда ушбу инсонлар тўғрисидаги масалани кўтардингизми? Агарда ҳа бўлса, унинг жавоби қандай бўлди, агарда йўқ бўлса, нега буни тилга олмадингиз?»

Бош котиб эса «Уларни тирик кўрсатинг!» кампанияси билан албатта таниш эканини маълум қилди. Бироқ Туркманистон президенти билан «яккама-якка суҳбат» нима ҳақда бўлганлигини айтмаслигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид