Жаҳон | 19:00 / 12.12.2017
83397
2 дақиқада ўқилади

Telegram ака-ука Азимовлар сабаб жазоланди

© РИА Новости / Кирилл Каллиников

Telegram эгалари адвокати Дмитрий Динзе судда мессенжер 800 минг рублга жаримага тортилганини айтди. РИА "Новости" шу ҳақида хабар берди.

Гап шундаки, ФХХ Санкт-Петербургдаги терактни содир этишда айбланаётган ака-ука Азимовларга тегишли рақамлардан келиб тушган хабарлар шифрига сўров берган, деди ҳуқуқшунос. 

Адвокатнинг сўзларига кўра, улар ҳужумга қадар бу рақамлардан фойдаланишни тўхтатишган.

Москва шаҳар суди бугун Telegram шикоятини кўриб чиқишга махсус хизмат вакили ва прокурорни жалб қилишдан бош тортди. 

Адвокат Рамиль Ахметгалиевнинг изоҳ беришича, ФХХ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида протокол тузган, прокурор эса "жамоатчилик манфаати" сабаб жараёнда иштирок этиши керак. "Компания фаолияти блокланиши мумкин, бу россиялик олти миллиондан зиёд фойдаланувчи ҳуқуқини бузади", - дея таъкидлади у.

Октябрь ойи ўртасида жаҳон суди мессенжерни ФХХга маълумот етказишдан бош тортгани учун жаримага тортиш тўғрисида қарор қабул қилганди. Telegram миллион рублгача жаримага тортилиш хавфи остида қолганди. 

Мессенжер асосчиси Павел Дуров Федерал хавфсизлик хизмати талаби конституцияга зид экани ва уларни техник жиҳатдан бажариш имкони йўқлигини маълум қилган. Компания жаримага тортилди. Адвокат Павел Чиковнинг сўзларига кўра, музокараларни фақат суд қарори асосида назорат қилиш мумкин, ФХХ эса дешифр учун маълумотга сўров бериб, уни тақдим этгани йўқ. 

Санкт-Петербургдаги теракт 3 апрель куни содир бўлганди. Портлаш "Сенная площадь" ва "Технологический институт — 2" метро бекатлари ўртасидаги ўтиш йўлакчасида рўй берган. Натижада 16 киши ҳалок бўлган, шу жумладан худкуш-террорчи дея эълон қилинган Акбаржон Жалиловнинг ўзи ҳам. 11 нафар айбланувчи ҳибсда, ака-ука Аброр ва Акром Азимовлар ҳам шулар жумласидандир. Тергов Аброрни ҳужум ташкилотчиларидан бири деб ҳисобламоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид