Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғона шаҳар ҳокимлиги тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилмоқда. Ечими борми?
Kun.uz таҳририятига Фарғона вилоятидаги тадбиркор номидан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, «Қиргули коммунал сервис» МЧЖ раҳбари Д.Абдуллаевнинг фаолияти Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан яратилаётган сунъий тўсиқлар туфайли касодга учрамоқда. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири довон оша Фарғона водийси томон йўл олди.
Маълум қилинишича, Абдуллаев бошчилигида уч йилдан буён муваффақият билан фаолият олиб бораётган жамият Фарғона шаҳри ва унинг атрофида яшовчи аҳолига коммунал хизмат кўрсатиб келади. Яъни, «Қиргули коммунал сервис» МЧЖ маиший чиқиндиларни йиғиштириб олиш, саралаш ва қайта ишлаш билан шуғулланди. Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган ишчилар маиший чиқинди ўз вақтида йиғиштириб олиш учун махсус техника воситаларининг ҳар бирида GPS узатгичи ўрнатилгани, саралаш учун эса махсус майдон ташкил этилганини намойиш этди. Ходимлар маиший чиқиндилар орасидан нон ва сабзавот бўлакларини ажратиб олиб, ювилган ҳолда чорва молларига емак сифатида беради. Ичимлик идишлари, шишалар ҳам исроф этилмай, қайта ишлаш пунктига юборилади.

Шунингдек, жамият аъзолари аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ва тўловларни ўз вақтида ундириб олиш учун «CleanCity» электрон биллинг тизимини ишга туширган бўлиб, ҳар бир тўлов шаффоф ва онлайн платформа орқали бошқариб борилади. Аҳоли мобил илова орқали пул ўтказмасини амалга ошириши ва шу заҳоти квитанция чекини электрон тарзда қабул қилиши мумкин. Шунингдек, махсус ташкил этилган пунктга ташриф буюрган ҳар бир мижоз тўловларни нақд ёки банк пластик карточкаси орқали бажариши белгиланган.

Замонавий талаб ва стандартларга мос ишни йўлга солган тадбиркор эндиликда умумий қиймати 1,1 млрд. сўмни ташкил этувчи тўрт босқичли лойиҳани амалга ошириш учун маҳаллий банклардан бирига мурожаат қилганди.
Абдуллаевнинг фаолиятини ижобий баҳолаган банк мутасаддиларни унга йирик миқдордаги кредит маблағларини тақдим қилган. Бир қараганда барча иш жойида, лойиҳа ишга туширилган.
Аммо, Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Р.Раҳимжонов раислигида ўтказилган йиғилишда шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларига санитар корхоналарни бириктириш бўйича қарор қабул қилинди. 2017 йилнинг март ойига қадар 16та МФЙ аҳолисига хизмат кўрсатиб келаётган «Қиргули коммунал сервис» МЧЖнинг, гўёки аҳолидан тушган шикоятлар туфайли, хизмат кўрсатиш майдони қисқартирилди. Янгиланган хизмат кўрсатиш рўйхатига кўра, атиги 3та махсус техника воситасига эга «Махсус Гарант Авто сервис» МЧЖ корхонаси 13та МФЙ аҳолисига, 1та махсус техника машинасига эга «Фарғона Тозалик Санитар сервис» МЧЖ эса 7та маҳаллага хизмат кўрсатиши белгилаб қўйилди. Энг қизиғи шундаки, ҳеч қандай махсус техника воситасига эга бўлмаган «Юксалиш тозалов санитар сервис» МЧЖ ва «Водий Логистик» МЧЖ корхоналари биргаликда 10та МФЙда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатиши белгиланди. Масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, электрон биллинг ва GPS тизими билан жиҳозланган 8та махсус техника воситасига эга «Қиргули коммунал сервис» МЧЖ ҳам 7та МФЙ аҳолисига хизмат кўрсатади.


Тадбиркор банкдан олган йирик миқдордаги кредитларни сўндириш учун кўзланган лойиҳа амалга оширилиши лозим, лекин Фарғона шаҳар ҳокимлиги сунъий тўсиқлар орқали унинг фаолиятига рахна солмоқда. Ушбу масала юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари Д.Хожиахмедовнинг таъкидлашича, жамиятнинг фаолиятини кескин қисқартириб юборилгани учун тадбиркор кредитни ёпиш имкониятига эга эмас.
Масалани турли ракурсдан ўрганишга ҳаракат қилган Kun.uz мухбири «Қиргули коммунал сервис» МЧЖ хизмат кўрсатаётган бир нечта маҳалла аъзолари билан суҳбатлашди. Маълум қилинишича, жамият хизмат кўрсатишни тўхтатган МФЙ ҳудудларида шу пайтгача маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишда сусткашлик қилинаётгани туфайли аҳоли қайтадан «Қиргули коммунал сервис»га мурожаат қилган. Уларнинг истаги бир: тоза ва обод маҳаллада яшаш ҳамда атрофни покиза сақлашдир. Аммо ҳокимликка кимлар ва қандай важлар билан шикоят қилгани, айнан қайси шикоятлар асосида хизмат кўрсатиш майдони қисқартирилганини аниқлашнинг имкони бўлмади.
PS: Маҳалладан хаёл суриб чиқар эканман, бир кишининг йўлнинг юзасига, маиший чиқиндиларни ташлаш майдонидан узоққа қўлидаги халтани ирғитиб кетганига гувоҳ бўлдим. Агар ҳокимлик вакиллари камчиликни фото орқали исботламоқчи бўлса, бунинг йўли осон эканига иқрор бўлдим.
Мавзуга оид
08:24 / 04.06.2026
Фарғонада мембранали сув ҳавзасида бир киши чўкиб кетди
16:15 / 23.05.2026
“Мақсад сари” шина тортган бола: унинг отасига чора кўрилиши мумкин
08:24 / 20.05.2026
Фарғона ва Наманганда йирик миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди
11:41 / 19.05.2026