17:07 / 16.12.2017
16434

Энг тез қувватланувчи флагман смартфонлар

Замонавий смартфонлар ярим соат ичида 50 фоиздан ошиқроқ қувватланиши мумкин. Тўғри, айримларга бунинг учун қўшимча аксессуарлар зарур бўлади, деб ёзади lifehacker.ru.

Tom’s Guide томонидан ўтказилган тестда учта янги iPhone, Samsung Galaxy Note 8, Google Pixel 2, LG V30 ва OnePlus 5T синовдан ўтказилди. Уларнинг барчаси қувватидан тўлиқ халос бўлгач, қувватланган ва 30 дақиқа ва бир соат ўтгач натижа ёзиб олинган.

Apple смартфонлари 29 ваттли зарядлаш қурилмаси билан синалган. Қолганлари эса смартфон комплектида келувчи зарядлаш қурилмаси билан қувватлантирилган.

3300 мА·соат батарея билан таъминланган, Dash Charge фирмали тезлаштирилган зарядлаш технологиясига эга OnePlus 5T смартфони ушбу синовда ғолиб чиқди.

Ярим соат ичида смартфон 59 фоизга, бир соатда 93 фоизга зарядланади.

Иккинчи ўрин LG V30 га берилди. Унинг аккумулятори сиғими ҳам 3300 мА·соат, бироқ зарядлашга Qualcomm Quick Charge 3.0 технологияси жавоб беради ва унинг натижалари бироз ёмонроқ бўлди: 30 дақиқада 53 фоиз, бир соатда 86 фоиз.

Учинчи ўринни iPhone X эгаллади ва унинг кўрсаткичлари 50 фоиз ва 81 фоизга тенг бўлди. iPhone 8 ва 8 Plus ундан бироз ортда қолишди, Pixel 2 ва Galaxy Note 8 эса анча ютқазишди. Galaxy S8, Galaxy S8+ ва Pixel 2 XL улар билан тенг даражада (30 дақиқада 35–38 фоиз).

Tom’s Guide флагман смартфонларнинг барчасини синовдан ўтказмаган, шу сабабли ушбу рўйхатни тўлиқ деб атаб бўлмайди. Бошқа синовларнинг натижаларига асосланиб, рўйхатни тўлдириш мумкин. Масалан, Phandroid маълумотларига кўра, Moto Z2 Force иккинчи ўринга даъвогарлик қила олади. 30 дақиқа ичида у 57 фоизга, бир соатда 91 фоизга зарядланган.

Агар CNET’га ишонилса, етакчини ўтган йилги флагман LG G5 сиқиб чиқариши мумкин, у 30 дақиқада 61 фоизгача, 78 дақиқа ичида тўлиқ зарядлана олади. Тўғри, унинг аккумулятори сиғими ҳам сезиларли даражада кичик — 2800 мА·соат. Батарейкаси 3000 мА·соат сиғимга эга Oppo R11 ҳам қизиқ натижа кўрсатган. Гарчи у флагманлар сирасига кирмаса ҳам, зарядланиш тезлиги билан ҳайратлантира олади: 30 дақиқада 65–70 фоиз, 65 дақиқада 100 фоиз. AndroidAuthority ва HardwareZone ҳам бундай кўрсаткичларни тасдиқламоқда.

Top