Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марк Цукерберг таълим, касалликлар ва ижтимоий адолат соҳаларига эътибор қаратади
Facebook CEO'си Марк Цукерберг бола парвариши таътилида танаффус қилди ва бу танаффусда ўзи ҳамда турмуш ўртоғи Присцилла Чан ўтган йил давомида Chan Zuckerberg Initiative фонди фаолияти доирасида шуғулланган хайрия ишлари ҳақида фикр юритди.
Ижтимоий тармоқда тақдим этилган қўшма хатда Цукерберг ва Чан Chan Zuckerberg Initiative (CZI)нинг "технологик фикрлаш" ва узоқ муддатли стратегияда таълим, касалликлар ва ижтимоий адолат соҳаларидаги глобал масалаларга мурожаат қилиш режаси ҳақида маълум қилишди. Хайрия ташкилоти турли соҳа етакчиларига узоқ истиқболда илмий ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда стратегияларни излаб топишда ёрдам беради. Соғлиқни сақлаш, иммиграцион қонунчилик ва жиноий адлия ислоҳотлари, турар-жой етишмовчилиги — бу соҳаларда қисқа муддатли қарорлар эмас, узоқ муддатли натижаларга эришиш учун ўн ёки йигирма йил керак бўлади. Шунга қарамай, уларнинг тезкор таъсирга эга бўлишга йўналтирилган стратегияларида технологиялар ётади.
Жараёнларни автоматлаштириш ва ижтимоий тармоқларда ахборотни бузиб кўрсатиш жамоатчилик томонидан инкор этилаётган бугунги кунда бу хат жуфтликнинг технологиялар ижтимоий тараққиётнинг зарур воситаси эканига бўлган ишончини эътироф этади.
"Chan Zuckerberg Initiative'нинг бу икки жиҳати — узоқ муддатли ёндашув ва технологик фикрлаш — бизнинг бутун фаолиятимизни белгилаб беради, - деб ёзишди улар. Технологиялар сеҳри шундаки, улар ижтимоий ўзгаришларни тезлаштира олади. Маркнинг Facebook'да жаҳон миқёсидаги муҳандислик ташкилотини қуриш тажрибаси туфайли биз ҳамкорларимизга тезроқ ўзгаришларга эришиш учун ажойиб муҳандислик жамоасини ўз ичига олган хайрия ташкилотини йўлга қўя оламиз".
Хатда таъкидланишича, таълим — технологиялар орқали янада такомиллаштириш мумкин бўлган соҳа. Цукерберг ва Чан индивидуал таълим моделига киритган сармояларини ёдга олиб, айнан технологиялар бундай жиҳозларни оммага тақдим этишда катта роль ўйнашини қайд этишди.
Цукерберг ва Чан 2015 йилда, биринчи фарзандлари Макс туғилгандан сўнг CZI фонди ташкил этилгани ҳақида эълон қилишган эди. Ўша пайтлар уларнинг Facebook'даги улуши 45 миллиард долларни ташкил қиларди. Forbes журнали Цукербергнинг айни дамдаги молиявий ҳолатини 72,1 миллиард долларга баҳоламоқда.
2016 йилнинг сентябрида оилавий жуфтлик янги мақсадини эълон қилди — фарзандлари ҳаёти давомида барча мавжуд касалликлар профилактикаси, уларни даволаш ва ҳатто илдизи билан йўқ қилиш. CZI бунинг учун Стэнфорд, Сан-Франциско ва Берклидаги Калифорния университети олим ва муҳандисларининг ҳамкорликдаги лойиҳаси ҳисобланган Biohub'ни шакллантирди. Цукерберг ва Чан лойиҳага 3 миллиард доллар миқдоридаги молиявий қўллаб-қувватлаш кўрсатишди. Чоршанба куни тақдим этилган хатда жуфтлик ушбу лойиҳадан мақсад илмий муаммоларни ҳал қилиш стратегиясини ижтимоий ва сиёсий масалаларга нисбатан қўллашдан иборат эканини таъкидлади.
Фонднинг масъулияти чекланган тижорат компанияси шаклида ташкил қилиниши жуфтликка ҳам нотижорат, ҳам тижорат ташкилотларга сармоя киритиш имконини беради. CZI'ни йўлга қўйиш давомида Цукерберг ва Чан асосий эътиборни "индивидуал таълим, касалликларга қарши кураш, одамларни бирлаштириш ва шу каби ҳамжамиятларни қуришга қаратишни режалаштираётганларини маълум қилишганди. Бундан ташқари, улар ўз киримларидан тушган даромадни фондга реинвестиция қилишга ваъда беришганди.
Chan Zuckerberg Initiative фондининг 2016 йилнинг июнида киритган илк сармояси Нью-Йоркдаги Andela компаниясига йўналтирилган, компания Африкада, хусусан, Лагос (Нигерия) ва Найроби (Кения)да дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларини тайёрлаш билан шуғулланади. Сўнгги йилларда фонд кам таъминланган америкалик мактаб ўқувчиларига кўриш қобилиятини бепул диагностика қилиш имконини берувчи Vision To Learn нотижорат ташкилотини молиявий маблағлар билан таъминлади. Шу билан бирга, болаларга мактабга тайёрланишга ёрдам берувчи College Board ва инсон танасида соғлом ҳужайралар харитасини тузишни мақсад қилган Human Cell Atlas каби муассасаларга ҳам маблағ йўналтирди. Яқинда жуфтлик иккинчи қизлари Августанинг дунёга келгани ҳақида эълон қилишганди.
"Биз яхши жамоамиз, чунки иккимиз ҳам кўп одамлар бошқача руҳда яшаётган бир даврда келажакка ишонч билан қараймиз, - деб ёзади Цукерберг ва Чан чоршанба куни. - Ишонамизки, ҳатто энг мураккаб муаммоларнинг ҳам ечими бор ва биз, энг аввало, бунга ишонувчи жамоамиз борлигидан фахрланамиз".
Мавзуга оид
22:58 / 10.02.2026
«Қарамлик машиналари» - Instagram ва YouTube устидан суд жараёни бошланди
22:19 / 05.09.2025
АҚШда Марк Цукерберг билан Марк Цукерберг судлашади
18:27 / 18.04.2025
Meta Цукербергнинг хавфсизлиги учун 2024 йилда 14 млн доллар сарфлади
22:38 / 30.01.2025