10:36 / 19.12.2017
9372

Лицензиясиз дорифуруш ва электромонтёрнинг талаби

Доришунослик бўйича бирон-бир малакага, бу борада савдо фаолиятини олиб бориш учун лицензияга эга бўлмай туриб, Кўкдала марказий шифохонасидаги хонада дори-дармон сотаётган Бахтиёр Шойимов ҳеч қандай ҳужжатларсиз 166 турдаги, жами 6 млн. 463 минг сўмлик дори воситаларини сотаётган вақтида СВОЖЖДЛҚК департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги қарорига асосан ундан олинган дори воситалари мажбурий тарзда йўқ қилиниб, ноқонуний фаолиятдан тушган пуллар давлат ҳисобига ўтказилди. Шунингдек, Бахтиёр Шойимов ушбу қилмишига кўра жаримага ҳам тортилди.

Яна бир ҳолат, фуқаро Жамшид Муратов хонадонига янги электр энергияси ҳисоблагич ўрнатди. Уни расмийлаштириш учун Чироқчи тумани электр таъминоти корхонасида монтёр вазифасида ишлаётган Дилбар Тиллаевага учрашди.

-  Юз минг сўм берсангиз, ҳисоблагичингизни корхона компьютерига “киритиб” бераман, - деди монтёр аёл.

Жамшид ноилож рози бўлди. Бироқ...

Дилбар Тиллаева ундан фирибгарлик йўли билан 100 минг сўм олаётган чоғида СВОЖЖДЛҚК департаментининг Чироқчи туман бўлими ва туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг ажримига кўра Дилбар Тиллаевага нисбатан жиноят иши ярашув асосида тугатилди.

Шу тариқа монтёр аёлнинг юзи шувут бўлди. Хонадонларни чароғон этиш учун масъул бўлган бу ходим энди электр энергияси истеъмолчилари кўнглини зимистон қилиш оқибати қандай бўлишини англаб етган бўлса, ажабмас...

Top