Жамият | 22:55 / 20.12.2017
14060
4 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар қўмитаси ИИВ билан ҳамкорликда жиноятчиликка қарши иш олиб бормоқда

Хотин-қизлар қўмитаси ИИВ билан биргаликда ҳар бир ҳудудда уч тоифадаги жиноятларни содир этган, жиноятга мойил бўлган, уюшмаган хотин-қизлар билан жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Ана шу ишлар натижасида аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш кўрсаткичларининг 14 фоизга камайишига эришилди. KUN.UZ мухбири 20 декабрь куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: йил сарҳисоби" мавзуидаги матбуот анжуманида тақдим этилган  маълумотларга асосан шу ҳақида хабар берди.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г. Маъруфова берган маълумотларга кўра, ўтган давр мобайнида ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида Оила кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис палатасига киритилди. Суд ва ФХДЁ органларига ажрашиш учун ариза берган оилалар тўғрисида маҳаллаларда хабардор этиш мажбурияти киритилмоқда.

Шунингдек, Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қўмита фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги фармон лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, оиладаги маънавий муҳитни соғломлаштириш ва бу борада жамоат ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш борасида янги тизим йўлга қўйилди. Унга асосан, республикадан тортиб то энг қуйи бўғингача жамоатчилик назорати ташкил этилди.

Хотин-қизлар қўмитаси жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича қандай ишларни амалга оширди?

- Биринчидан, такомиллаштириш бўйича фармон лойиҳасини ишлаб чиқди;

- Иккинчидан, хотин-қизлар ўртасида жорий йилнинг 15 декабрига қадар барча ҳудудларда "Йўл хариталари" қабул қилинди. Ана шу йўл хариталарига асосан, нотинч оилалар ва жиноятчиликка мойиллиги бўлган аёлларнинг рўйхати шакллантирилди ва улар билан якка тартибда манзилли ишлар ташкил этилди;

- Учинчидан, жорий йилнинг 15 декабригача ҳар бир туман, шаҳар бўйича секторлар кесимида оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Кам таъминланган оилалар, ёлғиз оналар, ногирон фарзанди бор аёллар, имконияти чекланган хотин-қизлар, турмуш ўртоғи жазо муддатини ўтаётган аёллар, уй-жой муаммоси мавжуд бўлган аёлларга алоҳида эътибор қаратилди;

- Тўртинчидан, жорий йилнинг 25 декабригача йил якуни бўйича ҳамма салбий кўрсаткичларни кўриб чиқиб, улар бўйича яна сарҳисоб қилинади.

2018 йилнинг I чораги учун режалар

1. Ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлар кесимида оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш;

2. Хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича манзилли ишларни ташкил этиш ва жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишга нотинч оилалар вакиллари билан ишлашга асосий эътибор қаратиш;

3. Жамоатчилик назорат ташкилотлари аҳолининг муаммоларини ҳал этишда манзилли ишлашини таъминлаш ҳамда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ташкил этилган секторлар билан ҳамкорликда ишлашни йўлга қўйиш;

4. Янги йилдан бошлаб ҳар бир туманда хотин-қизларни қўмиталар қошида ташкил этилаётган Маслаҳатлашув марказларини тўлиқ йўлга қўйиш, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг функционал вазифалари низомларини ишлаб чиқиш.

Мавзуга оид