Жамият | 23:10 / 20.12.2017
35496
3 дақиқада ўқилади

Оила кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда

Хотин-қизлар қўмитаси ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида Оила кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Олий Мажлис палатасига киритди. Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г. Маъруфова KUN.UZ мухбирига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилди. 

"Ажрим бўйича судга ариза берилганда суд уч кун ичида маҳалла фуқаролар йиғинига шу ҳақида маълумот бериши керак, чунки у ерда яраштирув комиссияси бор, кенгашларимиз бор. Демак, ўша оилани сақлаб қолиш, хабардорликни ошириш учун шундай қилиниши керак - ана шу масала киритиляпти. 

Яна бир янгилик алимент ундириш бўйича илгари жиноий жавобгарлик бор эди, ҳозир эса маъмурий жавобгарлик ҳам киритиляпти. Бу ерда бола ҳуқуқлари инобатга олиняпти ва нафақат жиноий жавобгарлик, балки фуқаролик иши бўйича жавобгарликка тортиляпти. 

Ҳар бир туман миқёсида оғир шароитда яшаётган, ночор, ногиронлиги бор, муддатни ўтаб келган - шундай тоифадаги аёллар билан алоҳида манзилли ишланмоқда. Бундай аёлларнинг рўйхати тузилиб, биринчи навбатда, уларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилади. Ана шундай манзилли иш билан таъминлаш дастурлари бутун республикада ҳар бир туманда секторлар миқёсида бўлмоқда. 

Шунга доир таклифлар Олий Мажлисга киритилди ва ҳозир экспертизадан ўтмоқда. 2018 йилдан бошлаб буларнинг жорий этилиши кутилмоқда. Айни ўша ночор қатламлар, қийналаётган аёлларни эътиборга оляпмиз. 

Шунингдек, аёллар орасида ҳуқуқий билимларни ошириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу ҳуқуқий саводхонлиги йўқлиги туфайли ҳам булар нотўғри йўлларга кириб кетмоқда. Кўп жиноятларни таҳлил қилганда, кўриладики, аёллар орасида фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари жуда кўп бўляпти. Бу аёлларнинг ҳуқуқни билмаслиги, иқтисодий билимлари пастлиги натижасидир. 

Биринчи марта жиноят содир этганлар кафиллик остида (масалан, Хотин-қизлар қўмитаси ёки Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида) доимий тарзда бириктирилган ташкилотлар назорати остига олинади ва бу жиноятчиликнинг олдини олишда катта роль ўйнайди. Шу билан бирга, аёлларга ҳам енгиллик яратади", - дейди қўмита вакили. 

Мавзуга оид