Ўзбекистон | 09:09 / 26.03.2020
16888
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда никоҳни қайд этиш республиканинг исталган ҳудудидаги ФҲДЁ томонидан амалга оширилиши кутиляпти

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритилади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 607-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартиш киритилади.

212-моддада никоҳни қайд этиш республиканинг исталган ҳудудидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилади. 

Ҳозирги вақтда никоҳни қайд этиш никоҳланувчи шахслардан бирининг яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилади.

Билдирилишича, никоҳни қайд этишда фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ушбу хизматни исталган ҳудудда қайд этиш имкониятини яратиш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда алоҳида ҳолларда никоҳни қайд этиш касалхона ёки уйда амалга оширилади.

Никоҳни қайд этиш тантанали вазиятда амалга оширилиши мумкин.

Никоҳланувчилар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига никоҳ қайд этилишидан бир ой илгари никоҳга кириш тўғрисида ариза берадилар.

Мавзуга оид