20:00 / 25.12.2017
21090

Минг йиллик ривоятни барбод қилаётган Гвардиола. АПЛда 19-тур шарҳи

Англия премьер-лигасининг тенг ярми ортда қолди. Аслида буни биринчи давра якуни дейишимиз тўғрироқ бўларди, аммо 19 тур ортда қолган бўлсада, жамоаларнинг барчаси ўзаро бир-бири билан ўйнашга улгурмасдан. Иккинчи даврада бўлиши (3-турдаги ўйинларнинг жавоб учрашувлари ўтказилди) лозим бўлган турни 19-турга қўйиб юборишди. 

Албатта бу янгилик эмас. Англияда «Боксинг дэй» бошланадиган ҳафта олдидан мунтазам равишда зич тақвимда жамоаларнинг нисбатан яқинроқ ҳудудларда ўйин ўтказишини таъминлаш мақсадида АПЛ биринчи давранинг сўнгги турини 20-турга суриб қўя қолади. Тақвимдаги турларнинг қайта (шартли равишда жавоб учрашуви деб олдик, юқорида) ўйинлари тартибининг аралашиб кетиши ҳам шундан аслида.

Хуллас тушунтиришимиз чўзилиб кетгани учун узр сўраган ҳолда АПЛнинг рождество олди энг сўнгги тури ҳақида батафсил тўхталамиз.

ГВАРДИОЛА ПРЕМЬЕР-ЛИГАНИ ЎЗГАРТИРМОҚДА
Кўпинча, Испания ёки Германиядаги гегемонликлар ҳақида гап кетганида, Премьер-Лигасининг ўзига хослиги, курашларга бой, қийин лига экани ҳақида кўп айтиларди. «Барселона» ёки «Бавария» Англияда ҳам мана шундай гегемонлик қила олишармиди, қабилидаги саволлар кўпинча очиқ қоларди. Аммо, Пеп Гвардиола, бу саволга жавоб топгандек бўлди, яъни топ жамоалари билан мақтанадиган Англияда ҳам ҳатто, мана шундай рекордларни забт эса бўларкан. «Борнмут»ни 4:0 ҳисобига енгиб, қаторасига 17, мавсумдаги 18, йирик ҳисобдаги 8-ғалабасини нишонлаган «шаҳарлик»лар яна бир қанча тарихий кўрсаткичларни чилпарчин қилишмоқда.

- Бу мавсумгача, ҳеч қайси жамоа қаторасига 17 ғалабага эришмаганди. Энг яхши кўрсаткич, «Арсенал»да бўлган – Венгер жамоаси 2002 йилнинг февраль-август ойларида қаторасига 14 ғалабага эришишганди. 

- «Манчестер Сити» АПЛ ташкил бўлганидан буён бир календарь йилида 100 дан ортиқ гол урган илк жамоадир. 101 гол урган «Сити» олдида яна икки учрашув турибди. Инглиз жамоалари ичида, сўнгги бор юздан ортиқ голни 1982 йилда «Ливерпуль» урганди.

- 2017 йилда «Манчестер Сити» бирор марта ҳам ўз майдонида мағлубиятга учрамади – 21 ғалаба ва беш дуранг.

- Гвардиола ушбу мавсумда Топ-6 даги барча жамоалар устидан ғалаба қозонди. Умумий ҳисоб – 15:3. «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» жамоалари йирик ҳисобда мағлуб этилди.

- Ҳеч қачон «Боксинг Дэй» олдидан биринчи ва иккинчи ўринлар орасидаги фарқ 13 очкога етмаганди. «Манчестер Юнайтед» (13) ва «Челси» (16) дан ташқари, «Сити» барча жамоаларни 20 ва ундан ортиқ очкога ортда қолдирмоқда.

Бундан буёғига, «Манчестер Сити» «Арсенал»нинг 2003/04 даги рекорд натижаси – яъни мавсумни мағлубиятсиз ўтказиш ва «Челси»нинг 2004/2005 йилдаги энг кўп очко тўплаш вазифасини амалга оширишга уриниб кўриши мумкин. Агар тўпланган очколарга қарайдиган бўлсак, «Манчестер Сити» ўша «Арсенал»дан ҳам 19-турдан кейинги ҳолатда 10 очкога, ўша «Челси»дан ҳам худди шунча фарқ билан олдинда бормоқда.

«ЭМИРЕЙТС»ДА АВТОБУС ТОПИЛМАДИ

«Арсенал» ва «Ливерпуль» АПЛда ҳужумларни ташкил этиш, жамоавий ўйин борасида энг кучли жамоалардан саналишади, аммо айнан керакли натижани қайд этиш, керак бўлганда, прагматик ўйин кўрсатиш керак бўлганда, кўпинча, панд беришади.

Балки бу иккала жиҳатни ўзида жам қилишнинг иложини топиш жуда қийиндир, ахир ҳужумкорлик ва ҳужумдаги ўша гўзаллик айнан ҳимояни унутиш ҳисобида юзага келар? Миянинг бир чеккасида ҳимояни ва мураббий кўрсатмаларини ўйлаб туриш ҳужумдаги бу завқни йўққа чиқарар? Балки, бу жамоалар керак бўлганда, осонлик билан гол уришга ўзларига ишонганликлари учун ҳам, ҳимояда бу қадар эҳтиёт бўлишмас?

Бу саволларнинг қайси бири тўғри ёки уларнинг жавоби борми, номаълум, лекин Клопп ва Венгер жума оқшомида яна бир бор АПЛнинг гўзаллигини намойиш қилиб беришди. Ҳеч қайси жамоа ўша куни мағлубият аламини тотмагани ҳам, қайсидир маънода тўғри бўлгандир.

Аслида, Юрген Клопп ўша ҳисобда олдинга чиқиб олган пайтда, масалан, ҳужумдаги Мане ўрнига Вейналдумни тушириши ва кўпроқ ҳисобни сақлашни ўйлаши, ёки ўз навбатида, 0:2 ни 3:2 айлантира олган «Арсенал» бир муддат уч очко олиб, кучли тўртликка қайтиш ҳақида қайғура бошлаши мумкин эди. Аммо иккиси ҳам содир бўлмади.

Бу мавзуда айтилган жуда кўп эътирозларга жавобан, Арсен Венгер ҳам ўз позициясида содиқ қолди:

«Автобус атамасини футболга ким олиб кирган бўлса ҳам, бу нотўғри. Ҳимояга эътибор қаратмаганликда бизни айблай олмайсиз, биз доимо керак бўлганда, ҳимояланамиз. «Ливерпуль» жуда кучли ижрочиларга эга, албатта, уларнинг учинчи голи юзага келишида, кўпроқ, мана шу омилга ҳам аҳамият беришингизни сўрардим», – деди франциялик мураббий.

ИБЛИСЛАР ОЛОВДАН ҚЎРҚМАЙДИМИ?
«Манчестер Юнайтед» сўнгги пайтларда олов билан ўйнашаётганди. Бир қатор ўйинларда кичик устунликни сақлаб қолишга уриниш, қайсидир паллада концентрацияни йўқотиш жамоага қимматга тушишини кутиш мумкин эди. Аввалига, «Уотфорд»да 3:0 ҳисобида катта устунлик 3:2 га айланиб, жамоа очко йўқотишига сал қолди. «Арсенал» билан ўйинда Де Хеа ҳимоячилар жонига оро кирди. «Брайтон» билан «Борнмут»га қарши ўйинларда «Олд Траффорд»да 1:0 ҳисобини сақлаб қолишга уриниш учун катта юрак керак. Ҳатто анчадан бери гол ура олмаётган «Вест Бромвич» ўтган турда ҳисобни қисқартира олди ва «иблислар»ни ғалабадан маҳрум қилишига оз қолди.

Бу ўйинларнинг ҳаммасида ғалаба қозонган «Манчестер Юнайтед» қайсидир маънода омадга раҳмат айтиши мумкиндек, лекин шу алфозда давом этаверса, бир кун оғриқли ҳодиса рўй бериши аниқ эди. Рўй берди. Қизиғи, аслида «МЮ» учун энг осон кечиши мумкин бўлган ўйинда жамоа ғалабани ушлаб қола олмади. «Лестер» бир ўйинчи кам бўлиб ўйнаётганди, чунки.

Шунингдек, тасодифни қарангки, «Юнайтед»ни доғда қолдиришнинг яна бир ажойиб йўли пайдо бўлди – агар жамоа номида «Сити» қўшимчаси бўлса, кифоя, камида бир очко нақд. Эсингизда бўлса, «МЮ» ушбу мавсумдаги илк очколарини «Сток Сити» билан ўйинда йўқотганди. Сўнгги икки ҳафтада эса, манчестерликларни учта «Сити» хафа қилди.

Аввалига, «Манчестер Сити» «Олд Траффорд»даги 40 ўйинлик анъанага барҳам бериб, ғалаба қозониб кетди. Кейин эса, Чемпионшип вакили «Бристол Сити» қирқ йиллик анъанани йўққа чиқариб, «МЮ» устидан ғалаба қозонди. Ўйин тугашида сониялар қолганда гол уриб, ҳисобни 2:2 етказган «Лестер Сити» ҳам ўша гуруҳдан...

ҲАРРИ КЕЙН: БИР ЎҚ БИЛАН УЧ ҚУЁН
Англиялик ҳужумчи «Бёрнли» дарвозасини уч бор аниқ нишонга олиш учун уч маротаба зарба берди, гап бунда эмас. Шунчаки, Кейннинг бу голлари ҳам жамоасига, ҳам шахсий кўрсаткичларига яхши таъсир кўрсатди.

Биринчидан, Кейннинг уч голи эвазига «Тоттенҳэм» ўша кунги рақиби «Бёрнли»ни қувиб ўтди ва «Арсенал»га очколар бўйича етиб олди.

Иккинчидан, бу голлар билан Кейин 2017 йилда АПЛдаги голлари сонини 36тага (йил давомида 53та гол урди ва 54та гол урган Мессини ортда қолдириш имкониятни сақлаб турибди) етказди ва бу кўрсаткич бўйича Алан Ширернинг рекордини такрорлади. 

Учинчидан, ушбу мавсумда АПЛ да киритган голлари бўйича ҳам Муҳаммад Салоҳга етиб олиб, тўпурарлар руйхатининг бошига жойлашди. 

Европадаги барча лигалар дам олиб, Англияда «боксинг дэй»лар бошланиши бу томондан Ҳарри Кейн учун ажойиб имкониятдир. 2017 йилда «Тоттенҳэм»да яна бир ўйин бор – эртага лондонликлар «Саутҳэмптон»ни қабул қилишади. Бу ўйинда агар у 2 гол урса, Лео Мессини қувиб ўтади ва 2017 йилда энг кўп гол урган футболчига айланади. Ўз ўзидан Алан Ширернинг рекордни янгиланиши учун биргина гол қолди. 

СЭМ ЭЛЛАРДАЙСНИ КИМ ТЎХТАТАДИ?

«Челси»га қарши ўйинда «Эвертон» бирор марта ҳам рақиб дарвозасига аниқ зарба бера олмади. Лондонликлар 25 маротаба мезбонлар дарвозасини ўққа тутишди. Бошқа барча жабҳаларда ҳам яққол устунликка эришган «Челси» Ливерпулдан атиги 1 очко олиб кетди, холос.

Сэм Эллардайс – оддий инглиз футболи мураббийи. У қайси ўйинда қандай ўйнашни яхши билади ва натижалардаги мана шу барқарорлик туфайли ҳозирча танқидлардан холи бўлмоқда. Тан олиш керак, «Эвертон» ушбу мураббий остида яққол ўсишга эришди ва аста секинлик билан йил бошида ундан кутилган ўринга чиқиб бормоқда. 

Янги мураббий билан «Эвертон» 6 ўйинда 4 ғалаба ва 2 дурангга эришди. Аввалги 13 ўйинда жамоа атиги 3 марта ғалаба қозонди холос. Икки дуранг ҳам «Ливерпуль» ва «Челси» жамоаларига қарши қайд этилганини ҳам таъкидлаш лозим. Ушбу 6 ўйиннинг 5 тасида Пикфорд ўз дарвозасини дахлсиз сақлади. Аввалги 13 ўйинда атиги 1 маротаба «Эвертон» рақибни голсиз қолдирганди холос.

Тур натижалари

Турнир жадвали

Тўпурарлар рўйхати

БИРИНЧИ ДАВРА РАМЗИЙ ТЕРМА ЖАМОАСИ

Футболчиларнинг майдондаги ҳаракатларини баҳолаб, уларнинг коэффициентлари бўйича статистик ҳисобот юритадиган WhoScored нашри биринчи давранинг рамзий терма жамоасини эълон қилди. Таркибдан фақат 5 жамоа аъзолари жой олгани эътиборга молик.

Top