Жамият | 10:12 / 29.12.2017
14057
3 дақиқада ўқилади

Ҳисоблагичдан ўчирилган энергиялар

Президент томонидан жорий йилнинг 29 май куни “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон бежиз қабул қилинмади. Боиси, кейинги пайтларда табиий газдан фойдаланиш ва унинг тўловини ўз вақтида амалга ошириш ҳақида сўз юритилганда, “кечагина тўлаб келган эдик, яна фалон миллион сўм қарзимиз қаердан келиб қолди экан,” ёки “газ идораси назоратчисига тўлаган эдик, қўлимизда квитанция турибди, бироқ бу пулларимиз компьютерга тушмабди,” деган гаплар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Мавжуд қарздорликни газ ҳисоблагичдан ўчириб бериш эвазига тамагирлик қилаётган “назоратчилар”нинг қилмишлари оқибати эмасмикин булар.

Шоҳруҳ Ражабов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси “Бухоротумангаз” “Чорбакр” ҳудудий эксплуатация бригадасида газ маромлаш пунктларини кўрикдан ўтказувчи чилангар лавозимида ишлаб келиб, филиал абонент хизмати автоматлаштирилган бошқарув тизими техниги Шерали Ҳаётов билан жиноий тил бириктиради.

-  Шоҳруҳ айтган одам мен бўламан, - деди анчадан буён “ҳожатбарор” газ идораси ходими Ш.Ҳаётовни кутиб турган аёл. – Шоҳруҳ илтимос қилиб юборди, ёрдам берсангиз яхши бўларди. Ҳисоблагич 3 миллион 200 минг сўм ёзган. Қанча берсам, “ноль” қилиб берасиз?

-  Ўзингиз биласиз, ҳозир бу ишни қилиш жуда қийин. Шундай бўлса-да, ишончли одам бўлганингиз учун 2 миллион 500 минг сўм берасиз...

-  Мана, ҳозирча бори 900 минг сўм. Қолганини янги йилдан кейин берарман...

Ваъдага мувофиқ, ўтган йилнинг 5 январь куни кечки пайт Бухоро тиббиёт институти олдида истеъмолчи Г.Нуралиева ва Ш.Ражабов учрашишди. Аёл қолган 1 миллион 600 минг сўмни бериб, Шоҳруҳдан табиий газ тўловидан қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотномани олди. Аслида ушбу маълумотнома сохта эканлигини Г.Нуралиева хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Ш.Ражабов эса ушбу сохта маълумотномани истеъмолчига ўтказиб кетолмади. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинди. Тергов жараёнида жиноий  шеригининг қилмишлари ҳам фош этилди.

Одил суд Ш.Ражабов ҳамда Ш.Ҳаётовга қилмишига яраша жазо тайинлади.

Мавзуга оид