Жамият | 09:26 / 29.12.2017
83395
2 дақиқада ўқилади

Тошкент юридик коллежининг собиқ директори қамоқда сақланмоқда

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Тошкент юридик коллежининг собиқ директори Наталья Темирова айни вақтда қамоқда сақланмоқда. Унга нисбатан давлат бюджети маблағларини йирик миқдорда талон-торож қилиш, юридик коллежга ноқонуний йўл билан ўқишга кирган талабаларга дипломлар бериш каби айбловлар илгари сурилмоқда. Тошкент шаҳар прокуратураси расмий вакили Бобир Деҳқонов журналистлар саволига жавоб берар экан, шу ҳақда маълум қилди. 

Деҳқоновнинг сўзларига кўра, 2017 йил 25 ноябрда Темирова ЎзР Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”банди, 205-моддаси 1-қисми, 206-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда гумон қилиниб, қўлга олинган. У айни вақтда эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланмоқда. Айни вақтда тергов жараёни давом этмоқда. 

Шу билан бирга, юридик коллежда икки курсдошига пичоқ санчиб, бирининг ҳаётдан кўз юмишига, иккинчисининг оғир тан жароҳати олишига сабаб бўлган 3-курс талабаси Саидкамрон Саидвалиев содир этган жиноий иши бўйича тергов жараёни якунланиб, айни вақтда жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 6 октябрь куни мазкур коллеж ҳудудида 3-курс талабалари ўртасида жанжал чиққан, Саидкамрон Саидвалиев ўзининг икки коллеждоши — Асадбек Парпибоев ва Раҳматилла Ёрқориевга пичоқ билан тан жароҳати етказган эди. Жабрланувчиларнинг бири — Асадбек Парпибоев шифохонага олиб борилганида кўп қон йўқотишидан вафот этган. Раҳматилла Ёрқориев тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган эди. 

Мавзуга оид