Жаҳон | 11:10 / 31.12.2017
22329
2 дақиқада ўқилади

Эронни оммавий намойишлар қамради

Фото: AP

Эронда 3 кундирки оммавий намойишлар давом этмоқда.

Reuters агентлиги хабарида ёзилишича, Машҳад шаҳрида кўчаларга чиққан фуқаролар мамлакатдаги иқтисодий вазиятдан норозилик билдиришмоқда. Мамлакатда ишсизлик даражаси ортган, инфляция кучайган ва айрим товарлар тақчиллиги кузатилмоқда.

Давлат нашрлари хабарларига кўра, мамлакатдаги 1200дан ортиқ аҳоли пунктларида норозилик акциялари қайд этилган.

Полиция бундай акцияларга рухсат этилмаганини маълум қилиб, намойишчиларни огоҳлантирган. Шунингдек, оммавий равишда ҳибсга олишлар рўй бергани айтилмоқда.

«Биз фуқаролардан ноқонуний акциялар уюштирмасликни сўраймиз. Агар улар йиғилмоқчи бўлишса, аввал ариза билан мурожаат қилишлари керак бўлади», деган Эрон ИИВ раҳбари Абдулризо Раҳмон-Фазлий.

У ижтимоий тармоқлар орқали намойишчилар бир-бири билан алоқа қилаётганига қарши муносабат билдирган.

Намойишчилар Эроннинг ташқи сиёсатдаги ҳаракатлари, хусусан, Сурия, Яман, Ироқ ва Ливандаги воқеаларга аралашаётганидан ҳам норозилик билдиришмоқда. «Ғазо ҳам, Ливан ҳам эмас, Эрон менинг ҳаётим», дея ҳайқирмоқда эронликлар.

Эрондаги воқеалар Ғарбда катта ташвиш уйғотди.

«Коррупция режими ва хорижда терроризмни молиялаштириш мақсадида миллий бойликларнинг талон-торож этилишидан чарчаган эронлик фуқароларнинг тинч норозилик намойишлари ҳақида кўплаб хабарлар келмоқда. Эрон ҳукумати ўз одамлари ҳуқуқларини, жумладан эркин фикр билдиришга бўлган ҳуқуқини ҳурмат қилиши керак. Жаҳон бу вазиятни кузатиб бормоқда!» - дея ёзган Трамп Twitter’даги ўз саҳифасида.

Инфляция, раҳбарият ва катта харажатлар талаб қилаётган ташқи сиёсатга қарши жорий намойишлар Эронда 2009 йилдан бери ўтаётган энг йирик намойишларга айланди. Ўшанда Маҳмуд Аҳмадинажоднинг президент сайловларида ғалаба қилганига қарши намойишлар бўлиб ўтганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид